Шу пайтгача ўтказилган тадқиқотлар аспирин юрак хасталиклари ва инстультни даволашга кўмаклаша олишини кўрсатган. Яқинда ўтказилган тажрибалар эса, мазкур дорининг яна бир фойдали жиҳатини кўрсатди: аспирин бир неча саратон тури, жумладан, ичак, ўпка, кўкрак ҳамда простата саратонига чалиниш хавфини, ушбу касалликларга чалинганларнинг эса ҳалок бўлиш эҳтимолини озайтира олади.
Саратон тадқиқотлари бўйича Америка бирлашмасининг йиллик анжуманида тақдим этилган илмий мақола муаллифлари 86 минг аёлнинг 32 йил давомида, 44 минг эркакнинг 26 йил давомида аспириндан фойдаланиши ҳамда уларнинг саратонга чалиниш хавфини ўрганиб чиққан.
Дозаси оз бўлган (81 мг) аспиринни олти ёки ундан кўп йил мобайнида ҳафтасига икки таблеткадан оз ёки кунига бир таблеткагача ичиш саратонга чалиниш хавфини сезиларли даражада озайтириши кузатилган. Хусусан, эркакларда йўғон ва тўғри ичак саратонига чалиниш хавфи 30 фоизга, аёлларда эса 31 фоизга озайиши кузатилган.
Аммо бу шунчаки кузатиш бўлиб, аспирин саратонга чалиниш хавфини озайтиришини тасдиқловчи далил эмас. Аспирин ичувчи шахслар умуман олганда соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари мумкин.
Аспирин иммун тизимининг касаллик ёки жароҳатга жавоби бўлмиш яллиғланишга қарши курашади. Яллиғланиш зарарли бактерияларни ҳамда шикастланган ҳужайраларни йўқ қилади.
Аммо бирон ой ёки ҳатто йилгача чўзиладиган сурункали яллиғланиш саратон ҳужайралари юзага келиши учун қулай замин яратади. Аспирин танада яллиғланиш кўпайишига қарши курашиб, саратон хавфини олиши ёки касаллик тарқалиши хавфини озайтира олади.
Аммо барча дорилар каби аспирин ҳам салбий ён таъсирларга эга. Мазкур дорини мунтазам равишда ичиш ошқозонда яра пайдо бўлишига ҳамда ошқозондан қон кетишига олиб келиши мумкин. Ёши катталар, мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилувчиларда бу хавф айниқса юқори.
Қисқаси, мунтазам равишда аспирин ичиш саратон хавфини озайтириши мумкин, аммо айримлар учун ушбу дорини ичиш фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.