Илон Маск SpaceX қароргоҳини Техасга кўчирмоқчи

Илон Маск

SpaceX асосчиси Илон Маск ширкат қароргоҳи Калифорния штатидан Техасга кўчирилишини маълум қилди. Бунга миллиардер, жумладан, маҳаллий мактабларга ўқувчи ўзини трансгендер шахс деб идентификация қилишини унинг ота-онасига билдиришни тақиқловчи қонун сабаб бўлганини айтган.

Бу сўнгги томчи бўлди. Бу қонун ҳамда оила ва ширкатларга қарши қаратилган ундан аввалги кўплаб бошқа қонунлар туфайли SpaceX ўз қароргоҳини Калифорниядаги Ҳоторн шаҳридан Техасдаги Старбейзга кўчиради”, деб ёзган Илон Маск X ижтимоий тармоғида.

Бу ёзувни миллиардер бошқа бир фойдаланувчининг 15 июль куни Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом янги қонунни имзолагани тўғрисидаги постига жавобан қолдирган.

Фарзандларингизни давлат мактабларидан чиқариб олинг”, дея изоҳ қолдирган фойдаланувчи мазкур ҳужжат ҳақида.

Илон Макс сўнгги марта қароргоҳини “кўчирган”ида пировардида Tesla Калифорния бўйлаб кенгайган ва ҳатто Global Engineering & AI қароргоҳини Калифорнияга кўчирган эди”, дея жавоб берган Ньюсомнинг матбуот хизмати SpaceX асосчисининг постига.

Калифорния ўқувчиларнинг ота-оналарига уларнинг жинсий ориентацияси ёки жинсини алмаштириш ниятидан хабардор қилишни тақиқловчи қонун қабул қилган АҚШдаги штатлардан биринчиси бўлди. Қонун тарафдорлари иддаосича, ҳужжат ўқувчиларнинг шахсий сири махфий қолишига ёрдам беради ҳамда ўқитувчиларнинг ота-оналар билан болалар ўртасидаги муносабатга аралашишига йўл қўймайди. Аввалроқ мактаблар оилаларни ўқувчиларнинг жинсий идентификацияси ҳақида огоҳлантириши лозим бўлган.

Қонун қабул қилинганидан кейин Маск ҳужжат ота-оналар ҳуқуқини чеклайди ва болаларга даф қилиб бўлмас зарар етказади, деб ёзган.

SpaceX ширкатининг бир неча йилдан буён Техас штатида шуъбаси, синов майдончаси ва Starlink терминалларини ишлаб чиқариш бўйича заводи бор. Қароргоҳини Техасга кўчириш режаларини Маск янги қонун қабул қилинмасидан аввал очиқлаганди. 2021 йил кузида миллиардер ўзига қарашли бошқа бир ширкат – Tesla қароргоҳини Техасга кўчирган эди. Тадбиркор ўшанда бу қарорни ширкатни кенгайтириш нияти билан, хусусан, Tesla Техасда иккинчи йиғиш заводини қураётгани билан изоҳлаган.

CNBC телеканали қайдича, Калифорнияда даромад солиғи ставкаси АҚШдаги энг юқори ставка бўлиб ҳисобланади, шунинг учун ҳам асосий офиснинг кўчирилиши Маскка миллиардлаб доллар маблағни тежаш имконини беради. Техас Қўшма Штатларда бундай солиқ олинмайдиган етти штатнинг биридир.