Америкалик миллиардер Илон Маск Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У твиттер саҳифасида урушни тўхтатиш юзасидан тўртта таклифни ёйинлади.
Маскнинг фикрича, аннексия қилинган ҳудудларда БМТ назорати остида шаффоф ва демократик референдумлар ўтказилиши зарур. Агар Россия аннексия қилган ҳудудлар Украинада қолишни истаса, Россия ортга чекиниши лозим. Маск Қримни Россияга беришни таклиф қилди. Ярим орол сув таъминоти бўйича кафолатларни олиши зарур. Маск, шунингдек, Украина нейтрал мақомни сақлаб қолиши кераклигини айтди.
Маскнинг фикрича, уруш ниҳоясида томонлар мана шундай муросага келадилар. Бироқ бу иш бугунги кунда амалга ошса, томонлар камроқ талафот кўрган бўларди, деб ҳисоблайди Маск. Миллиардернинг фикрича, урушнинг муқобил якуни ядровий уруш бўлиши мумкин.
Маскнинг таклифига муносабатлар
Маск твиттер саҳифасидаги урушни тўхтатиш бўйича фикрлари остига овоз бериш функциясини очди. Ҳозиргача камида 700 минг киши овоз берди. Улардан 59,6 фоизи Маскнинг фикрларига қарши эканини, 40,4 фоизи қўллашини билдирди.
Украина президенти офиси бошлиғининг маслаҳатчиси Михаил Подляк Маск фикрларига муносабат билдирар экан, урушни тугатишнинг уч тезисини эълон қилди: Украина ўз ҳудудларини, жумладан, Қримни ҳам озод қилади. Россия демилитизация қилинади ва ядровий қуролдан воз кечтирилади. Ҳарбий жиноятчилар суд қилинади.
Украина президенти Владимир Зеленский телеграм каналида ўз обуначиларига қайси Илон Маск сизга кўпроқ ёқади, деган саволга жавоб беришни таклиф қилди. Овоз берувчилар “Украинани қўлловчи Маск” ёки “Россияни қўлловчи Маск” деган жавобдан бирини танлаши лозим.
Маскнинг бу баёноти ортидан унга қарашли Tesla ширкати акциялари нархи камида 8 фоизга тушиб кетди.
Илон Маск SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси, жаҳоннинг энг бой одами. У тарихда бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи тадбиркордир.