Тошкент шаҳар бош имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг, имомлар чиқиши қонун билан назорат қилиниши ҳақида Адлия вазири берган баёнотга эътирозини, Дин ишлари қўмитаси қоралади.
Қўмита 16 февраль куни тарқатган баёнотда айрим “мутаассиб шахслар” ҳукуматнинг диний сиёсатини “нотўғри талқин қилаётгани ва нохолис муносабат шакллантиришга” уринаётгани қайд этилган.
7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов “дўзахга кириш-кирмаслик танловини одамларнинг ўзига қўйиб беринглар”, имомларнинг “ўз қарашларидан келиб чиқиб жамиятдаги ўлчовларни белгилашига йўл қўйилмайди”, деди.
15 февраль куни тармоқларда тарқалган маърузасида Тошкент бош имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов, вазирнинг бу чиқишини “унинг шахсий фикри” деб атаб, имомларга “амри маъруф”ни тақиқлаш Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зид эканини таъкидлади.
“Мутаассиб шахслар талқини”
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси 16 февраль куни тарқатган баёнотда “дунёвий, ҳуқуқий демократик” Ўзбекистонда дин соҳасида ягона давлат сиёсати борлиги ва бу сиёсат, ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар томонидан “ўз манфаатларига мослаб талқин қилинаётгани” таъкидланган.
Қўмита баёнотида Тошкент бош имом хатибининг исми тилга олинмаган. Аммо тармоқларда Адлия вазири баёнотига жавобан “диний соҳа вакиллари” билдираётган турли муносабатлар тилга олинган.
“Адлия вазирлиги мамлакатда диний ташкилотларни рўйхатга олувчи ягона ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ўз устави қоидаларига риоя этиши устидан назоратни олиб боради”, деб таъкидланади баёнотда.
Унда шунингдек, диний соҳа вакилларидан ўз “шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмаслик” сўралган.
“Домлаларнинг жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз”
Тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Тошкентбош имом хатиби Раҳматулло Сайфутдинов Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг диний эркинликлар борасидаги қатор баёнотларига эътироз билдирди.
7 февраль куни Тошкентда Адлия вазирлигининг йиллик ҳисоботини тақдим этган Русланбек Давлетов айрим имомларнинг “жамиятга ўлчов қўйишига йўл қўйилмаслиги”ни таъкидлаганди:
“Америкалик ёзувчи Дэвид Фримен “одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Ўзи кирадику, кирса! Буни катта олимлар бекорга айтмаган. Бу жамият ривожланиши учун катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар. Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор”.
“Вазирнинг гапи сиёсатга зид”
Ўз маърузасида Тошкент бош имоми, Адлия вазирининг бу гапларини имомлар учун “амри маъруф”ни тақиқлаш, жамиятни худбинлаштириш, дея баҳолади.
Мавзуга алоқадор Тармоқлар ва диний сиёсат. Адлия вазири "жамиятдаги бўлинишлар"дан огоҳлантирдиИмомнинг ишонишича, вазирнинг огоҳлантириши ҳукуматнинг расмий мавқеини акс эттирмайди.
“Тўғри, битта иккита аҳли илм қаттиқ ҳиссиётга берилиб гапиргани билан бутун имомларни даъват йўлини тўсишга ким ваколат берди у одамга?! Биз ҳеч қачон одамларни дўзахга тушсанг тушавер, деб ташлаб қўймаймизку! Нотўғри иш қилаётган одамни кўрсак, индамай кетишимизни талаб қилишяпти улар. Ароқ ичаётган одамни кўрсанг, гапирма деяпти, ичса ичаверсин, деяпти. Зино қилаётганни кўрсанг, ишинг бўлмасин, ўзи қиляптику қилса, деяпти. Шуни биздан талаб қиляпти. Бундай жамият расво жамият бўлади”.
“Домламиздан ажойиб жавоб”
Имомнинг чиқиши тармоқларда турлича акс-садо берди. Диндор қатлам буни имомларни назоратга олишга уринган ҳукуматнинг эҳтимолий чекловларига қарши туриш, дея олқишламоқда.
Жумладан, Телеграм тармоғидаги каналларда энг кўп тарқалган видеоклипга: “Адлия вазирига Раҳматуллоҳ Термизий домламиздан ажойиб жавоб. Мана шундай имомларимиздан Аллоҳ рози бўлсин”, деган изоҳ берилди.
Тошкент шаҳрининг янги бош имом-хатиби Раҳматулло Сайфутдинов эркакларнинг доялик қилишига қаршилиги, турк сериалларининг "миллат генофондига ёмон таъсири" ҳақидаги зиддиятли чиқишлари билан танилган.
Ўтган йилнинг апрелида - Тошкентнинг Юнусобод тумани имом-хатиби бўлган кезда Сайфутдинов, жума ваъзида эркакларнинг доялик қилишини "шармандалик" деб атаганди. Кейин бу маърузаси матбуотда "нотўғри талқин" этилаëтганини айтиб чиқди.
Мавзуга алоқадор Юнусобод имоми эркакларнинг доялик қилишига қарши баëнотидан қайтдиЎтган йилнинг апрель ойидаги чиқишларидан бирида имом, турк сериалларининг миллат зеҳниятига ёмон таъсири ҳақида ҳам гапирган ва ўзбек аёллари эри билан жинсий алоқада “чиройли турк эркакларини тасаввур қилса, "ҳаворанг" болалар туғилади”, деган гапи билан тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
“Масъуллар дин ёки дунёвийликни ёмонотлиқ қилмасин”
Диний уламолар ва Адлия вазири ўртасидаги баҳсларни кузатаётган тошкентлик журналист вазир ва уламонинг мунозараси жамиятдаги бўлинишларни кучайтиришидан хавотирда, айни пайтда бу каби баҳсларни фойда деб ҳисоблашини айтади:
“Жамиятда қонунсизликларни кўп кўряпти ёшлар, турли ҳаракатлар, оқимлар, секталар қуршовида улар. Шундай вақтда уларга насиҳат керак, барибир. Тарбия учун масъуллар диндан гапирганда дунёвийликни, қонундан гапирганда динни ёмонотлиқ қилиб қўйишдан тийилиши керак. Адлия вазири мутлоқ тўғри гапиради доим дейиш, жуда соддалик бўлиб қолади. Журналистларнинг саволларига айрим ҳолларда гапни айлантириб жавоб беради. Яъни ўзи ҳам қонунга тўлиқ амал қиладиган мулозим эмас. Аслида, қайсидир маънода шундай баҳсларнинг бўлгани яхши. Чунки ким бўлса ҳам, вазирми, домлами ўз устида ишлашга, қонунларни, диний қўлланмаларни варақлаб кўришга ундайди бу ҳолатлар”.
“Юмшоқ дин сиёсатининг оқибати оғир бўлади”
Айни пайтда айрим таҳлилчилар, Тошкент бош имомининг чиқиши диний радикал қатламнинг қонуний талабларга нисбатан асоссиз эътирози,деб ҳисоблайди.
Педагог ва руҳшунос олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг назарида жамиятда диний тарғибот кўлами “фавқулодда ортиб кетган”. У имомаларнинг маърузалари “мазмуни ва мақсади” устидан назоратни кучайтириш тарафдори.
“Адлия вазирининг фикри, халқимизнинг фикри, эътиқодини ҳурмат қилган ҳолда жуда юмшоқ айтилди. Аслида қонунчиликка мос равишда қаттиқ айтилиши керак эди. Бугун диний тарғибот соҳаси ташлаб қўйилган. Ҳар куни 500 та тўй ва яна 500 та бошқа маросим бўлса, жами 1000 та маъруза бўлади. Уларда имомлар 15 минутдан диний маъруза қилса, жами қанча бўлиб кетади?! Ҳар куни мамлакат бўйлаб 250 соат маъруза бўляпти. 50 тадан одам эшитаётган бўлса, 50 минг одам бўлади. Ҳали масжиддаги одамларни айтмаяпман. Давлат қаёққа қараяпти? Шунча диний маърузага тенг даражада дунёвий тарғибот бўляптими? Йўқ”, дейди Маҳмуджон Йўлдошев.
Мавзуга алоқадор Диний эркинликлар: "Ҳафсалани пир қилган" янги қонунВазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитасининг Раҳматуллоҳ Сайфутдинов чиқишига жавобан муносабатида яқинда қайта таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 7-моддалари тилга олинган.
5-моддада “фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” дейилади.
7-моддада эса “давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиши” белгилаб қўйилган..
Ҳозирча Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент имом хатибининг чиқишига бирор муносабат билдирмади. Озодликнинг муфтиятга бу борада қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди