Байден инаугурацияси арафасида Трамп Вашингтонда фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонда фавқулодда вазият тартибини жорий қилиб, янги давлат раҳбарининг 20 январь куни бўлиб ўтадиган инаугурацияси арафасида тартибни сақлаш учун қўшимча федерал кучларни пойтахтга йўллаш ҳақида топшириқ берди. Фавқулодда чоралар 11 январдан 24 январгача амалда бўлади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.

Оқ уйнинг бу баёноти кейинги ҳафта сайланган президент Жо Байденга ҳокимият топширилиши чоғида хавфсизликка таҳдид туғилиши мумкинлигига оид хавотирлар билдирила бошлагани ортидан тарқатилди.

Аввалроқ фавқулодда ҳолат тартиби Вашингтон расмийлари томонидан киритилганди. Бу тартиб 6 январь куни Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан кейин жорий қилинганди.

Reuters агентлиги хабарига кўра, душанба оқшомида президент Дональд Трамп ва вице-президент Майкл Пенс Оқ уйда учрашиб, “яхши суҳбат” қуришган.

Президент ва вице-президент учрашуви Трамп тарафдорларининг Капитолийга ҳужумидан кейин улар ўртасидаги алоқа таранглашганига оид хабарлар тарқагани қабатида бўлиб ўтди.