Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 103-мактаб ўқувчилари сайр қилишни яхши кўрадиган ҳудудда “Ўзбек Бэнкси” си сифатида тилга олинадиган арт-стритчи Inkuzart чизган Альберт Эйнштейн ва унинг формулалари граффитиси ҳокимият томонидан бўяб ташланди.
Inkuzart бу ҳақда ўз Телеграм каналида видео эълон қилди. Рассом видеони “Чилонзор ҳокимига раҳмат” деб номлаган.
“Газета.уз”нинг хабар беришича, Чилонзор тумани ҳокимияти "бино сносга тушгани боис граффити бўялганини" ва рассом учун бошқа “қулай жой тавсия этилиши”ни билдирган.
Чилонзор туман ҳокимлиги “сносга тушган бино”га чизилган сурат бюджетдан пул сарфланиб ўчирилиши мантиққа қай даражада тўғри келиши юзасидан тушунтириш бермаган.
Бундан аввал Тошкент ҳокимияти Inkuzart таҳаллуси билан ижод қилувчи кўча рассомининг қатор асарларини бўяб ташлаган ва бу борада мантиқий жиҳатдан асосланган сабабларни келтира олмаган эди.
Масалан, Inkuzart 2021 йил ноябрь ойида бензин нархи ошгани оқибатида дўппи кийган одам ўзини отаётгани тўғрисида, 2021 йил сентябрида эса автосаноат монополияси ва автомобил сотиб олиш учун узун навбатларга бағишланган кўча суратларини чизган эди. Бу суратлар ҳокимият томонидан ўчириб ташланган.
Мавзуга алоқадор Ҳайдовчига "пистолет" қадаган монополия: АЁҚШларда қиммат бензинга навбат камаймаяптиБэнкси кўча сатирик тасвирий санъати - граффити соҳасида халқаро миқёсда танилган рассомлардан биридир.
Британияда яшовчи мазкур рассом шахсига оид турли таҳминлар мавжуд, лекин унинг ким экани шу кунгача аниқ эмас.
Inkuzart ўзбек маҳаллий матбуоти томонидан “Ўзбек Бэнкси” си сифатида эътироф этилади.
Мавзуга алоқадор "Inkuzart": Тошкент деворидаги монополия. Ҳокимият "ЎзАвто"га навбатни "қисқартирди"