Ўзбекистонлик олимлар томонидан яратилаётган икки вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, мазкур вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг коронавирус S оқсили асосидаги рекомбинант вакцинаси ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказининг SARS-Cov-2 оқсил бўлагининг уч соҳаси: pcDNA3. 1 (+) плазмидасига қўйилган NTD, RBD ва HR1-HR2 вакцинаси ҳозирда клиниколди синовларидан ўтяпти.
Вазирлик ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши вакцина-номзодлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни йиғиб бориши, мазкур база мунтазам равишда – ҳафтасига икки марта янгиланишини эслатган.
“Унда COVID-19га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиниколди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради. Ҳар бир вакцинанинг 1-фаза, 2-фаза ва 3-фаза синовлари кузатилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Аввалроқ ZF -UZ-VAC 2001 вакцинаси тадқиқот ишларида 6 ой иштирок этгани учун Хитой томони Ўзбекистонни “ҳаммуаллиф” деб тан олгани ҳақида хабар қилгандик.