Ўзбекистонда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида базавий молиялаштириш тизими асосида фаолият юритадиган Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси ташкил қилинади. Бу ҳақида мамлакат президенти томонидан жорий йил 4 октябрида имзоланган “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Қарорда инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш бўйича Хирургия марказининг бир қатор қўшимча вазифалари белгиланган:
- трансплантология соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
- юқори технологик трансплантация амалиётларини амалга ошириш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;
- хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илмий ташкилотлари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва биргаликда тадқиқотларни ташкил қилиш;
- трансплантология йўналишида малакали илмий кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш.
Ҳужжат билан Хирургия марказида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Хирургия ва трансплантология кафедраси ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Хирургия марказини модернизация қилиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги зиммасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда 11 миллион АҚШ доллари миқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.