Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲБЕС) рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг, у жазо муддатини ўтаётган 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясидаги шарт-шароитдан норози бўлиб йўллаган шикоятини жавобгар томонга — Россияга йўллади. Бу ҳақда суд вакили ўз твиттер-аккаунти орқали маълум қилган.
Россия тарафи эса, қоидага биноан, шикоят билан танишиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини ёзма тарзда ИҲБЕСга тақдим этиши керак.
Навальнийнинг адвокатлари ёзган шикоят Страсбургга апрель ойи бошларида келган эди. 16 апрель куни шикоят бўйича қарор қабул қилинди, Россия ҳукуматига саволларни 19 апрель куни жўнатишди.
Znak.com нашри қайдича, ИҲБЕСда шикоятни кўриб чиқиш 2 йилдан ортиқ вақтга чўзилиши мумкин.
ИҲБЕС хабарномасида айтилишича, судьяларни Россия ҳукуматининг қуйидаги саволларга берадиган жавоблари қизиқтирмоқда:
- Навальнийнинг маҳбусликда сақлаш шароити Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси 2-моддаси билан кафолатланган яшаш ҳуқуқига мувофиқми?
- 2020 йилда заҳарланиши ортидан “ариза берувчининг соғлиғи қарийб ҳалокатли даражада ёмонлашгани”ни ҳисобга олганда, ҳозирда унинг муолажа шароитлари Конвенциянинг 2 ва 3-моддалари талабларига мос келадими?
- Навальний қамоқхонада қийноққа солинганми, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганми?
Россия ҳукумати ушбу саволларга жорий йил 12 июлига қадар жавоб бериши лозим.