Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллигини “кенг нишонлаш”га буйруқ берди

The Universal Declaration of Human Rights

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларация қабул қилинганининг 75 йиллиги кенг нишонланади. Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги фармонни 12 май куни имзолади.

Фармонга асосан Ўзбекистонда 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрдан 10 декабргача “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлиги ўтказилади. Декларация қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланишига, жумладан, қийноқларга қарши курашга оид миллий ҳисоботлар тайёрланади.

Фармонга асосан Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари бошқармасига ихтиёрий бадал сифатида юз минг доллар ўтказиб беради.

Бундан аввал Ўзбекистон 2008 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги, 2018 йилда декларациянинг 70 йиллиги ва 2021 йилда БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига уч йил муддатга сайлангани муносабати билан Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари бошқармасига юз минг доллардан ихтиёрий бадал тўлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда халқаро майдонда ҳуқуқ устуворлиги мавжуд бўлган мамлакатни шакллантиришга уринаётганини иддао қилиб келмоқда. Аммо маҳаллий ва халқаро матбуотда Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани, қийноқлар мавжудлиги, инсон ҳуқуқлари, жумладан, одил судлов ҳуқуқи тўлақонли равишда таъминланмаганига оид хабарлар пайдо бўлмоқда.

Масалан, матбуотда меҳрибонлик уйидаги балоғатга етмаган қизларнинг хоразмлик амалдорлар томонидан зўрланиши ва суд зўравонларга нисбатан озодликдан чеклаш жазосини қўллагани ўзбек жамиятида катта норозиликларга сабаб бўлган. Бу маълумот жамоатчиликка ошкор бўлганидан сўнггина амалдорларга нисбатан чиқарилган ҳукм қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

13-15 март кунлари Ўзбекистонга сафар қилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк эса Тошкентда ўтган матбуот анжуманида ҳукумат расмийлари билан учрашувларида қийноқлар ва ноинсоний муносабатга барҳам бериш масаласини кўтарганини айтган. Шунингдек, комиссар ҳукуматни фуқаролик жамиятини ислоҳотларда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, журналистлар ҳимояси ва сўз эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган.

Олий комиссар Ўзбекистон ҳукуматини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига асосан бир жинсли муносабатларни жиноятлар рўйхатидан чиқаришга ва ОИВ юқтиришни ҳар қандай шароитда ҳам жиноят деб ҳисоблайдиган қонунчиликни ўзгартиришга чақирди.