Наманган вилоятининг Поп туманидаги Ғурумсарой қишлоғида яшаган 53 яшар Баҳром Асадуллаевнинг яқинлари уни Наманган тумани ЙҲХБ инспекторлари уриб ўлдирганини иддао қилмоқда.
Марҳум яқинларининг айтишича, Баҳром Асадуллаев 27 ноябрь куни кечқурун инспекторнинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай қочиб кетганлиги учун, инспекторлар уни қувиб ушлаб, то ўлгунча калтаклашган ва сўнгра касалхонага олиб боришган.
Касалхонада ўтказилган биринчи тиббий экспертиза марҳумнинг юрак хуружидан ўлганлиги ҳақида хулоса чиқарган.
Аммо, эртаси куни маййитнинг баданида турли жароҳатларни кўрган яқин қариндошлар такрорий экспертиза ўтказишни талаб қилган ва экспертиза ўтказилган.
Туман ЙҲХБ бошлиғи ўз ходимлари ҳаракатлари устидан прокуратура хизмат текшируви ўтказаётганини айтди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида яшайдиган Жамолиддин Асадуллаевнинг иддао қилишича, унинг МТП (Машина-трактор парки) раҳбари бўлиб иш бошлаганига ўн беш кун бўлган 53 яшар акаси Баҳром Асадуллаев 27 ноябрь куни кечқурун ЙҲХБнинг тўрт нафар инспектори томонидан калтакланган пайтда жони узилган:
- Акам ўзининг ДАМАС автомобилида кечки соат 6 ларда туман ҳокимлигида ўтказиладиган мажлисга кетаётган пайтда Ғурумсарой марказида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори томонидан тўхтатилган. Нима сабабдандир, билмадим, акам тўхтамаган. Лекин ичмаган бўлган. Воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳларнинг айтишича, инспекторлар МАТИЗ автомашинасида уни қувиб ушлаган ва уриб, тепиб ички ишлар бўлимига олиб кетишган. Йўлда бирор жойдами ёки машинани ичидами, бунисини биз ҳали аниқ билмаймиз, акамни шунчалик урганки, ҳали Попга етмай туриб акамнинг жони узилган. Кўкрак қисмида, оёқ-қўлларида, оғзининг четида жароҳат излари борлигини эртаси куни кўрдим. Кейин тез ёрдамга олиб боришганда, духтур акамни 15 минут олдин вафот этганини айтган, - деди Жамолиддин Асадуллаев.
Унинг айтишича, ўша куни кечаси Баҳром Асадуллаевнинг жасади моргга топширилган ва сўнгра экспертиза қилинган.
Баҳром Асадуллаевнинг қайноғаси Ғуломжон Мамажоновнинг айтишича, биринчи экспертиза унинг юрак хуружидан ўлганлиги ҳақида хулоса берган:
- Ўша куни соат кечаси иккиларда прокуратура ходимлари иштирокида экспертиза қилишди, бизларни киргизмади. Кейин чиқишиб, юраги ушлаб қолган экан, дейишди. Биз “қандай унинг юраги ушлаб қолади, у соппа-соғ йигитку?!” дедик. Лекин бизнинг арзимизга ҳеч ким қулоқ солмади. Кейин мошинасига чиқиб қарасак ичи тўзиб ётибди, чанг, тупроқ. Кўйлаги, шимлари йиртилиб кетган экан. Майитни уйга олиб келдик, 28 ноябрь куни соат 12га жаноза тайинладик.
Ғуломжон Мамажоновнинг айтишича, жаноза куни маййитни сувга олаётганда унинг баданида жароҳат излари борлигини кўришган:
- Таъзияга вилоят прокуратурасида ишлайдиган бир киши ҳам келган эди. Биз унга Баҳромнинг баданидаги жароҳатларни кўрсатиб, уни уриб ўлдиришганини айтдик. Кейин у жанозани бир-икки соатга қолдириб туришни ва экспертларни чақиришини айтди. Поп туманидан яна бир гуруҳ экспертлар келиб, Баҳромнинг баданидаги жароҳатларни қайтадан экспертиза қилишди. Кейин маййитни қабрга қўйдик.
Иккинчи экспертизанинг натижалари ҳозирча номаълум.
Марҳумнинг хотини Муҳаббат Асадуллаеванинг айтишича, унинг эри соғлом ва бақувват эркак бўлган:
- Улар бақувват одам эдилар, ҳеч ҳам юрагим ёки бошқа жойим оғрияпти демаганлар, бирор марта касалхонада ётмаганлар. Ичишни ташлаган эдилар, ичмасдилар. Ўша куни мажлисга бораман деб чиқиб кетган эканлар, мен ишда эдим.
27 ноябрь куни Ғурумсарой қишлоғида фаолият олиб борган ЙҲХБ тўрт нафар инспекторининг номи Озодликка маълум. Лекин тергов сири бўлганлиги учун ошкор этилмайди.
Поп тумани ЙҲХБ бошлиғи Алижон Валижоновнинг Озодликка айтишича, бу ходимлар устидан хизмат текшируви бошланган:
- Ҳамма воқеадан хабарим бор. Ҳозир туман прокуратураси хизмат текшируви олиб бормоқда. Ҳозирча экспертизанинг натижалари чиққани йўқ. Экспертиза хулосаси чиққандан кейин бу ҳақда бирор нарса айтиш мумкин.
Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар учраб туради.
Андижон шаҳридан 27 ноябрь куни Озодликка юборилган видеода йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг маст ҳолда автомобиль бошқарганликда гумонланган ҳайдовчи билан бўлган ҳолат қонунга зид равишда ҳужжатлаштирилаётгани акс этган эди.