International Job Organization хусусий бандлик агентлиги директори иши судга оширилди

International Job Organization офиси. ИИВ Тергов департаменти фотосурати.

International Job Organization хусусий бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига таянган ҳолда Kun.uz хабар берди.

Мазкур иш доирасида 2620 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган. Уларга етказилган зарар 18,5 миллиард сўмга яқин. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 591 миллион сўмигина қопланган.

5 август куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти International Job Organization агентлиги раҳбари –1993 йилда Қирғизистонда туғилган, айни пайтда эса фуқаролиги бўлмаган Шерзод Абдураҳмонов қамоққа олингани ҳақида билдирганди.

“Агентлик раҳбари одамларни Кореяга ва Европага ишга жўнатишни ваъда қилган. Агентликнинг барча вилоятларда ўз бўлимлари бўлган. Фуқароларнинг ҳар биридан 45 миллион сўмдан олган агентлик раҳбари ўз ваъдасини бажармаган”,-деб билдирган Тергов департаменти.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.