Тошкент вилоят, Янгийўл туманидаги пахта ва ғалла етиштирувчи фермерлар уларга мажбуран берилган ипак қуртини боқиш учун тут дарахтлари етишмаслигини айтмоқда.
Ўзининг асосий дала ишлари қолиб, пилла боқишга мажбурланаётган фермерларга кўра, бу йил уларга ўтган йилга нисбатан 3-4 баравар кўп пилла етиштириш мажбурияти юклатилган.
Туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Озодлик саволларига жавоб беришни истамади. У ипак қурти боқиш учун "плантациялар етарли" эканлигини айтиш билан чекланди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Янгийўл туманидан Озодликка мурожаат қилган, исми сир қолишини сўраган фермернинг ёзишича, ҳокимлик пилла етиштириш бўйича шартнома имзолашга мажбурламоқда:
“Менга олти қути уруғ бериб, 360 кило пилла топшириш мажбуриятини юклашди. Лекин, ипак қуртини боқишга на озуқам, на жойим бор. Бунча қуртга озуқа топиб беришим учун мен бир ой пахта ва ғалламни йиғиштириб қўйиб, қишлоқма-қишлоқ барг излашим керак. Ҳокимлик ёки пиллани бажар ёки ерингни топшириб кет, деяпти”.
Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, ҳокимликнинг қишлоқ хўжалиги раҳбарлари пилла етиштиришга қанча барг кераклигини ҳисоб-китоб қилмасдан мажбуран ипак қурти тарқатмоқда:
“Пиллачилик учун тут плантациялари бўлиши керак, лекин бу яқин-атрофда йўқ. Йўлнинг икки томонига бир қатор қилиб экиб қўйилган тутлар бор, холос. Маҳалладаги одамларнинг ҳовлисидаги тутлар баргини ипак қурти бошида уч кунгача ейди, барг дағаллашгандан кейин емай қўяди. Мана кеча, Тинчлик маҳалласидан барг ўриб келдик, емади. Ҳозир йўл бўйидаги дарахтларнинг баргини бериб ушлаб турибмиз”.
Фермернинг айтишича, қурт катта даҳага кирганидан кейин унга барг етказиш мушкул бўлиб қолади:
“Тасаввур қилинг, қурт қирқ кунлик бўлиш арафасида баргни ўпириб ташлайди. Масалан, менинг беш қути ипак қуртим бўлса, ўша пайтда бир кунда бир трактор тележкасида барг ейди. 8 кунда 8 тележка барг топиб бериш, бизнинг шароитда амалга ошириб бўлмайдиган иш. Раҳбарларнинг эса гапи битта: у ёқ-бу ёқдан топиб келасан! Ахир иш деган бундай бўлмайди-да, пилла керакми, марҳамат қилиб ўшанга етарли плантацияларни ҳам қилиб қўй. Биз пахта ва буғдойимиз бу ёқда қолиб, туманма-туман барг излаб юрамизми, энди?!”
Фермернинг айтишича, белгиланган тартиб бўйича, ипак қурти касаначилик тартибида боқилиши, фермерлар бунга мажбурланмаслиги керак:
“Масалан, бизга бир гектар ерни ажратиб берсинда, бу ерга тут плантацияси қил, пилла қиласан десин, биз йўқ демаймиз. Шу йил эксак, уч йил ичида барг берадиган даражага чиқади. Иккинчидан, ипак қурти боқиш учун махсус жойлар керак. Бизники эса, ўша эскича, кимдир ётадиган уйини бўшатган, кимдир, молхонасини. Бу соҳанинг аниқ бир хўжайини йўқда, ҳокимлик ҳам, пилла бўлимлари ҳам бўл-бўл, дейишади. Фермерлар, энди одамларга ялиниб, шуни боқиб бер, ойлигингни ҳам бераман деяпти. Одамлар ҳам баргини топиб бер, кейин боқаман деяпти. Бундай ҳолатда нима қилиш керак, ҳеч йўлини тополмаяпмиз”.
Янгийўл тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Зафар Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда, ипак қурти боқиш учун тут плантациялари етарли эканлигини айтди:
“Туманда бизнинг озуқа базамиз етарли, тут плантацияларимиз бор. Ҳаммаси етарли”.
Озодлик фермерлар иддаоларини айта бошлагандан сўнг, Зафар Йўлдошев телефонни ўчириб қўйди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.
Ўзбекистонда 2018 йилда 18 минг тонна пилла етиштирилган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пиллачилик соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” ассоциацияси ташкил этиш ҳақида 2017 йилнинг 29 мартида қарор қабул қилган эди.
Бу ҳақда қарорга илова қилинган шарҳда мана бундай дейилган:
“2023 йил 1 январгача [пиллачилик соҳаси] корхоналари ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилиниши, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган”.