Ҳукуматнинг нефть базаларига оид қарори туфайли ходим Президент уйини ололмаяпти

Сирдарёлик Тоҳир Мамадалиев Озодликка тақдим этган ҳужжатларда ипотека кредити олиши учун бошланғич бадални тўлашга у ишлайдиган корхона пул ажратгани, лекин пулни Тошкентдаги юқори ташкилот бермай қўйгани акс этган.

“Гулистон нефть базаси” МЧЖ юристи Мамадалиевнинг айтишича, у ҳукуматнинг ўтган йилги қарорига биноан “Ўзбекнефтгаз” Акциядорлик жамиятининг фавқулодда марказлаштирилгани қурбони бўлмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби ҳукумат қароридан кейин юзага келган вазиятни сарф-ҳаражатларни оптималлаштириш зарурати билан изоҳлади.

Мустақил иқтисодчи олимнинг фикрича, ҳукумат қарори бозор иқтисодиёти талабларига зиддир.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сирдарёлик Тоҳир Мамадалиев билан суҳбат

1981 йилда туғилган Тоҳир Мамадалиев оилали. У Сирдарё туман, Ўзбекистон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида битта уйда онаси, оилали укаси, фарзандли синглиси билан яшар эди.

Мамадалиевлар оиласи маҳаллада кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Катта оила учун уй торлик қилиб қолгач, Тоҳир шу кунда фарзанд кутаётган хотини билан Гулистон шаҳрига, ижара уйга кўчишга мажбур бўлган. Қолаверса, иши ҳам шаҳарда.

1953 йилда туғилган онаси Гулсун опа касалванд. Тоҳир Озодликка тақдим этган, бир неча ой муқаддам Президентга ёзган аризасига илова қилган тиббий маълумотномалар онасининг кўп вақти касалхонада ўтишини кўрсатиб турибди.

Тоҳир Мамадалиев “Гулистон нефть базаси” МЧЖ юристи бўлиб ишлайди ва ойига 1 032 234 сўм маош олади. Бу пул онасини даволатишга, уй ижараси ҳақи, газ-сув, хуллас, кундалик ҳаражатларидан ортмайди.

Жорий йил бошида Тоҳир Мамадалиев арзонлаштирилган уйлардан бирини олиш учун банкдан кредит олмоқчи бўлади. Лекин бошланғич бадални тўлашга пули йўқ. Шунда бошлиғи – “Гулистон нефть базаси” директорига ёрдам сўраб мурожаат қилади.

15 март куни “Гулистон нефть базаси” МЧЖ маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитасининг қўшма мажлисида қарор қабул қилинади: Тоҳир Мамадалиевга 57 979 000 сўм миқдоридаги қарз ишхонага ойлигидан 10 йилда қайтариш шарти билан ажратилсин.

25 мартда “Гулистон нефть базаси” директори вазифасини бажарувчи Х. Мирзаев “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари А. Мирзамаҳмудовга Тоҳир Мамадалиев учун пул ажратишини сўраб хат ёзади.

Орадан 4 кун ўтиб, Мирзамаҳмудов ижобий жавоб қайтаради – Мамадалиевга пул ажратишга рухсат берилади.

Рухсат олингач, 3 апрелда “Гулистон нефть базаси” МЧЖ директори вазифасини бажарувчи Х. Мирзаев Т. Мамадалиевга қарз ажратиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

"Гулистон нефть базаси" директори буйруғи

Шу куни Тоҳир Мамадалиев “Гулистон нефть базаси” МЧЖ билан қарз шартномаси ҳам имзолайди.

Буйруқ чиқди. Шартнома имзоланди. Лекин пул йўқ. Пул Тошкентда - “Ўзбекнефтгаз”да.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари У. Ашуров Тоҳир Мамадалиев номига 8 май куни ёзилган хатни имзолайди. Хат мазмуни бу: Пул йўқ!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари У. Ашуровнинг Тоҳир Мамадалиевга жавоби

Тоҳир Мамадалиевнинг уй олиш учун ишхонасидан қарз кўтаришга ҳаракатлари, аслида, ўтган йили бошланган. Ёзишмалар тарихини ёритар эканмиз, ҳужжатларнинг энг муҳимларинигина тилга олдик. Турли ташкилотларга, ҳатто президент Мирзиёевга ёзилган хатларга тўхталмадик.

Ўтган йилдан буён Тоҳир Мамадалиев қарз сўраб ёзган хатлари, чақирилган мажлисларнинг баённомалари, чиқарилган қарорлар, уч поғонали ташкилот поғоналари орасидаги ёзишмалар, чиқарилган буйруқлар - ҳаммаси йиғилса чоғроқ китоб бўлгудай.

Шунча оворагарчилик “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари У. Ашуров 8 май куни Тоҳир Мамадалиев номига ёзган икки энлик хат билан чиппакка чиқди.

Тоҳир Мамадалиевнинг фикрича, унинг масаласи ҳал бўлмай қолгани Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сон қарори билан боғлиқ.

Қарорнинг В) бандида бундай дейилган:

“Ўзтрансгаз” АЖнинг ва “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ ҳудудий нефть базалари корхоналарининг табиий газ ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларининг реализациясидан ягона махсус ва жамғариб бориладиган мақсадли ҳисобрақамларига тушадиган маблағлар (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ажратмалар чегирилган ҳолда) “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг махсус мақсадли ҳисобрақамларига ўтказиш тартиби белгилансин”.

Тоҳир Мамадалиевнинг айтишича, унга қарз ажратилмай қолиши 897- қарорнинг шахсан унга бўлган таъсири холос. Масалага кенгроқ ёндошиладиган бўлса, қарорнинг салбий таъсири нефть базалари фаолиятига ҳар куни таъсир қилмоқда.

“Агар база бирон нарса сотиб олмоқчи бўлса, пул сўраб “Ўзнефтмаҳсулот”га хат ёзади. “Ўзнефтмаҳсулот” ўз навбатида “Ўзбекнефтгаз”га хат ёзади. Ёзишмалар қилингунича, хатлар кўриб чиқилгунича анча вақт ўтади. Охир-оқибат “Ўзбекнефтгаз” хоҳласа пул беради, хоҳламаса -йўқ”, дейилган юристнинг Озодликка ёзган хатида.

12 июнь куни “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Меҳрибон Маметова Озодликнинг “Ўзбекнефтгаз” билан нефть базалари ўртасидаги хўжалик-молиявий муносабатларни шарҳлаб беришни сўраб қилган мурожаатига жавобан, мутахассислардан консультация олганидан сўнг, бу муносабатларнинг Тоҳир Мамадалиев айтаётган формуласини деярли такрорлади.

Ки, нефть базалари сарф-ҳаражатларини тушунтириб, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда “Ўзбекнефтгаз”га мурожаат қилади. “Ўзбекнефтгаз” эса, сўровни қондириши мумкин. “Лекин бу ерда асосий принцип сарф-ҳаражатларни мақбуллаштириш заруратидан келиб молияни долзарб лойиҳаларга йўналтиришдир”, деди “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби.

Тоҳир Мамадалиевнинг муаммосига тўхталар экан, Меҳрибон Маметова унга Нефть-газ саноати ходимларининг республика касаба уюшмасига ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Меҳрибон Маметова Вазирлар Маҳкамасининг 897- қарорини шарҳлашни истамади. “Менинг ваколатларим доирасидаги масала эмас бу”, деди у.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Нурсултондаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев Озодлик сўровига жавобан 897- қарорни ўрганиб, бундай деди:

- Энг муҳим бўлган нефть-газ соҳаси Ўзбекистонда ҳозирча бозор иқтисодиётига тўла ўтгани йўқ. Қуйи поғонадаги корхоналарнинг эркинлиги йўқ. Бу корхоналарни юқори ташкилотга бундай қарам қилиб қўйиш маъмурий-буйруқбозлик тизимидан қолган нарса. Вазиятни ўзгартириш учун қуйи корхоналарга чин эркинлик бериш керак, улар бозор иқтисодиёти қонунлари доирасида ишлашга ўтиши керак.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Иқтисодчи Сапарбой Жубаев билан суҳбат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2018 нинг 18 июлида “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган.

Қарорга мувофиқ¸ 2018 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида ипотека кредитларини бериш тартиби ўзгартирилган.