NeMolchi.uz ахборот сайти муаллифи, аёллар ҳуқуқлари фаоли Ирина Матвиенко Ўзбекистонни тарк этди.
Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида хабар қолдирди.
Ирина Матвиенконинг ёзишича, унга номаълум шахслар ўлдириш билан таҳдид қилганидан сўнг, мамлакатдан чиқиб кетишга қарор қилган.
Ирина хавф таҳдиди ариганидан сўнг Ўзбекистонга қайтишини айтмоқда.
3 май куни Озодлик билан суҳбатда NeMolchi.uz ахборот сайти ва айни номдаги Телеграм-канал муаллифи Ирина Матвиенко Ўзбекистонни шахсий ҳаётига таҳдид бўлганлиги сабабли тарк этганини билдирди:
“Мен ўлим таҳдиди ҳақидаги хабарни олганимдан сўнг руҳиятимда ўзгариш бўлди. Бу хабарга аввал кимнидир қўпол ҳазили сифатида қарашга ҳаракат қилдим, лекин подъездга кириш, офис коридорида юриш ҳам қўрқинчли бўлиб бораверди. Қўлимда калитнинг ўткир томонини ушлаган ҳолда ҳар бир пана- бурчакни масофадан туриб текширадиган бўлдим. Лифтга чиқмай, зинадан пиёда чиқиб тушардим. Эримдан майдончамизга чироқ ўрнатишни ва умумий эшикка қулф ўрнатишни илтимос қилдим”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Таҳдид сўзлари битилган Телеграм хабари скриншотини Озодликка тақдим қилган Ирина Матвиенко психолог билан ўтган ҳафта қилган суҳбатидан сўнг мамлакатни тарк этиш қарорига келганини айтади:
“Мен 28 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига таҳдид ҳақида хабар бердим. Терговчи билан ҳозир алоқадаман. Ҳозир терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Натижаси қандай бўларкин, кўрамиз”.
Матвиенко NeMolchi лойиҳаси ишлашда давом этишини, ҳуқуқлари поймол этилаётган аёллар муаммоларини ёритишда давом этишларини билдирди.
“Бу лойиҳани давом эттириш жой танламайди. Қолаверса, бу ишларни мен бир ўзим эмас, бутун бир жамоа бошқаряпти. “Жим турма” лойиҳаси жим турмайди”.
Ўзбекистон ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди:
“Жамоат фаоли Ирина Матвиенконинг шахсий аккаунтига юборилган таҳдидли хабар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади”.
Nemolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси - Аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.
Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.
Мавзуга алоқадор БП: Хоразмда вояга етмаган қизнинг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳолати тергов қилинмоқдаИрина Матвиенко ўзига бўлган таҳдид бу хабар билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли бор-йўқлиги ҳақида аниқ бир нарса айтолмаслигини билдирди.
Унинг мамлакатни тарк этиши 3-май Халқаро матбуот эркинлиги кунига тўғри келди.
3 май куни қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўрт поғонага ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган. Мамлакат сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича мавжуд 100 баллдан 45,73 балл жамғарган, холос.
Айни пайтда 10 га яқин журналист, блогер ва фаоллар ҳибсда қолаётгани маълум.