ИРВ мулозими Ўзбекистонда коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқланганини очиқлади

Ўзбекистонда коронавируснинг “хитойча” ва “британча” штаммларидан ташқари COVID-19 нинг энг хавфли кўринишларидан бири бўлмиш “ҳиндча” штамми ҳам аниқланган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев podrobno.uz нашрига маълум қилган.

Мулозим тахминича, “ҳиндча” штамм Ўзбекистон ҳудудига Россиядан кириб келган.

Мамлакатда сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бораётганини А. Абдуллаев эмланганлар сонининг камлиги, одамларнинг эмланишни истамаётгани ҳамда ижтимоий масофани сақлаш ва бошқа карантин чекловларига кўпчилик томонидан риоя қилинмаётгани билан изоҳлаган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоирова эса нашрга Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар орасида вирусни юқтириб олиш ҳолати қайд этилмаганини билдирган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда Ўзбекистонда 442 нафар киши коронавирусга чалинган, шу тариқа вирус юқтириб олганларнинг умумий сони 107 минг 708 нафарга етган.