Ўзбекистонда 2021 йилнинг январидан 15 декабрига қадар ис газидан ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида юзага келган портлашлардан 125 киши ҳалок бўлди, 115 киши жароҳатланди. Бу ҳақда 15 декабрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Бу 2020 йилнинг 15 декабригача бўлган кўрсаткичдан анча кўпдир. Жумладан, 2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.
Ўша йиғилишда президент Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.
Мутахассисларнинг билдиришларича, бу каби ҳодисалар фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш оқибатида юз бермоқда.