Ўзбекистонда 2022 йил бошидан то шу кунгача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилди. Уларда жами 36 киши ҳалок бўлди ва 19 киши заҳарланди. Бу ҳақда 9 февраль куни АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев маълумот берди.
Унинг айтишича, вазирлик томонидан ис газидан заҳарланиш олдини олиш учун ишчи гуруҳлар тузилиб, 9167 та маҳаллада текширувлар ўтказилган. Тадбирлар давомида 37 254 та хонадонда табиий газдан ва 22 690 та хонадонда суюлтирилган газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари бузилгани аниқланган ҳамда бартараф этилган.
Аҳоли хонадонларида 21 075 та ностандарт иситиш печларидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, уларнинг 20 476 таси олиб ташланган.
Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 январдан 25 январгача ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолатда 28 киши вафот этгани ва 9 киши заҳарлангани хабар қилинган эди.