Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 23-26 июль кунлари кутилаётган ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларини юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.
“Ўзгидромет” қайдича, сел ҳодисалари Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.
Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.
“Тошкент вилояти ва Фарғона водийси ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.
Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига қўшни бўлган Ўш шаҳрида катта сел ҳодисаси кузатилган, табиий офат оқибатида беш киши нобуд бўлган эди.