Қўқонлик меҳнат муҳожири Дилшодбек Россияда ўн йилдан ортиқ ишлаган.
Аммо бу йил у Россияга эмас, қўшни Қозоғистонга боради.
“Қозоғистонда иш ҳақи анча паст, аммо пировардида унча катта фарқ йўқлигини ҳисоблаб чиқдим”, деди 42 ёшли Дилшодбек.
“Май ойида Россияга кетган амакиваччам самолёт чиптаси учун тахминан 600 доллар, иш рухсатини олиш учун яна 300 доллар сарфлади. Қозоғистонга бу пулнинг озгина қисмини сарфлаб бориш мумкин”.
Коронавирус пандемияси туфайли чипта нархлари мисли кўрилмаган даражада қимматлади. Россияда ишлаш учун бериладиган рухсатномалар нархи ҳам қимматлигича қолмоқда. Бу ҳолат Дилшодбек каби кўплаб марказий осиёлик муҳожирни минтақанинг энг бой давлати – Қозоғистонда иш излашга мажбур қилмоқда.
Қозоғистон меҳнат муҳожирларини мамнуният билан қабул қилаётгани айтилади. Муҳожирларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли қўл уришни истамайдиган оғир ишларни қилишга тайёр. Қозоғистоннинг айрим вилоятлари ҳаттоки ишчиларни жалб қилиш учун қўшни мамлакатдан келаётган ишчиларнинг йўлкираларини тўлаб бермоқда.
Май ойида Атирау вилояти ҳокимияти қишлоқ хўжалигида ишлаш учун Ўзбекистондан 600 нафар кишини самолётда келтирди. Бундан бир ой олдин Атирау расмийлари махсус чартер рейсини уюштириб, фаррошлик қилиш учун 70 нафар ўзбек муҳожирини келтирган эди.
Бошқа кўплаб Қозоғистон вилоятлари сингари, Атирауда 2020 йилда ишчи кучи тақчиллиги юзага келди. Бунга пандемия туфайли чегаралар ёпилгани ва муҳожирлар мамлакатга кира олмаётгани сабаб бўлди.
Ўзбекистонлик муҳожирларга йўл кирасини тўлаб беришни таклиф қилган қозоқлар орасида Атирау шаҳридаги қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари Ақтурлан Эрманов ҳам бор. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир киши чиптаси ва коронавирус тести учун тахминан 500 доллар сарфланган.
Эрмановнинг 1500 гектар экин майдонлари ишчиларга жуда муҳтож бўлган. Аммо ресурсларга бой Қозоғистонда тобора озроқ одам оғир иш билан шуғулланишга рози бўлмоқда. Натижада фермер хўжаликлари, қурилиш майдонлари ва бозорларда юзага келган бўш иш ўринларини муҳожирлар тўлдирмоқда.
“Муҳожирлар маҳаллий ишчиларга қараганда анча ишончли”, деди Эрманов Қозоғистон давлат оммавий ахборот воситаларига.
“Маҳаллий ишчилар кўпинча тўсатдан ишини ташлаб кетади. Масалан, улар бугун ишлаб, эртаси келмай қўяверади”.
Атирау шаҳридаги кўча супурувчилар ойига тахминан 330 доллар ишлаб топади. Шунингдек, уларга шаҳар ҳокимлигида ишлаётганликлари учун қўшимча имтиёзлар берилади. Маҳаллий матбуотга кўра, фермер хўжалиги ишчилари ойига тахминан 235 доллар ишлаб топади.
Бу Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган меҳнат муҳожирлари учун яхши иш ҳақи, чунки бу мамлакатларда шундай ишлар учун камроқ ойлик берилади. Бу мамлакатларда ишсизлик 1990‑йиллардан буён йирик муаммо бўлиб келади.
Қозоғистонга оқа бошлаган бошлар
Бундан 30 йил олдин Совет Иттифоқи қулаганидан бери миллионлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожири учун Россия асосий манзил бўлиб келади. СССР парчаланиб кетганидан кейинги илк йилларда минтақа ишчиларининг анча кичик қисми Қозоғистонга иш излаб борган.
Аммо 2014 йилда Россия иқтисодий таназзулга юз тутиб, валютаси тўсатдан қадрсизлангандан бери бу кўрсаткич мунтазам ўсиб бормоқда. Рубль қадрсизлангани учун муҳожирлар миллий валютада уйга аввалгидан анча оз пул юбора бошлади.
Расмий статистик маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони камида ўн бараварга кўпайган.
Пандемияга қадар Қозоғистонда 1 миллионга яқин марказий осиёлик муҳожир ишлаётган эди. Ҳозир нечта одам Қозоғистонда ишлаётгани номаълум, чунки муҳожирларнинг катта қисми солиқ тўлашдан қочиб, хусусий иш берувчилар қўлида ноқонуний тарзда ишлайди.
Қозоғистонда ишлаётган марказий осиёлик ишчилар орасида энг катта гуруҳ ўзбекистонликдир. Пандемия бошланишидан олдин баъзи манбаларда уларнинг сони 360 мингга яқин экани тахмин қилинган эди.
Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги пандемия туфайли чегаралар ёпилганига қарамай, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистондаги ўзбекистонликлар сони 209 300 ни ташкил қилганини билдирди.
Иккинчи йирик гуруҳ – қирғизистонлик муҳожирлар. Январь ойида Қирғизистон Давлат миграция хизмати Қозоғистонда 35 мингга яқин қирғизистонлик ишлаётганини маълум қилди.
Бу икки мамлакат Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлгани учун Қирғизистон фуқаролари Қозоғистонда муаммосиз ва қонуний равишда яшаши ва ишлаши мумкин.
Тожикистондан олинган расмий статистик маълумотларига кўра, пандемия олдидан 14 мингга яқин тожикистонлик Қозоғистонда ишлаган.
Қозоғистонда ишлаётган туркманистонликлар сони тўғрисида маълумот йўқ, чунки расмий Ашхобод бундай маълумотларни тарқатмайди.
Марказий осиёлик муҳожирларнинг айтишича, Қозоғистон ватанларига яқин жойлашгани, тили ва маданияти ўхшаш экани, ишлашга рухсат олиш талаблари нисбатан осон бўлгани учун улар айнан шу мамлакат танламоқда. Қолаверса, Россияда иш рухсатини олиш учун рус тили ва тарихи бўйича тест топшириш керак, аммо Қозоғистонда бундай талаб йўқ.
Хавфсиз муҳит
Россиядан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда муҳожирлар миллатчилар ва ксенофоблар ҳужумларига кам учрайди.
“Мен 2019 йилгача Россиядаги хусусий дала ҳовлида ишлаб, ойига 700 доллар топардим”, дейди Дилшодбек.
“Қозоғистонда мен бунинг тахминан ярмини оламан, деяверинг. Аммо ҳеч бўлмаганда ҳужумга учрашим ёки биров ҳақорат қилишидан қўрқиб, аланглаб юришим шарт эмас”.
Оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари Россияда муҳожирларга қилинган кўплаб ҳужумларни ҳужжатлаштирган. Уларнинг айримларида ҳужумга учраган шахслар ўлган. Россия расмийлари сўнгги йилларда жамоатчиликнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабати кескинлашганини тан оладилар.
Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Магомедсалам Магомедов Россия матбуотига берган интервьюсида:
“2020 йилда ўтказилган сўровномада респондентларнинг тўртдан бири муҳожирларга нисбатан салбий муносабат билдирган”, деди.
“Сўров шуни кўрсатдики, бундай муносабат тобора ёмонлашмоқда: муҳожирларга салбий муносабатда бўлганлар сони ўтган йилга нисбатан 7.5 фоизга ўсган. Бу мамлакатдаги миллатлараро муносабатлар ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатмоқда”.
Ҳақиқий кутишлар
Қозоғистонда ҳаммаси ҳам аъло эмас. У ерда бир неча йилдан буён ишлаб келаётган муҳожирлар янги келганларнинг умидлари реалистик бўлиши ва улар очиқ фикрлашлари кераклигини айтишди.
“Қозоғистонда иш ва пул топиш қийин эмас”, дейди 38 ёшли ўзбекистонлик Жасур.
Жасур Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳрида кичик новвойхона очган. Қозоғистонда муваффақият қозонишдан олдин бир йиллик иши учун хизмат ҳақини ололмаган.
Жасурнинг айтишича, у Қозоғистонга беш йил олдин отаси ва наманганлик яна беш киши билан келган. Эркаклар оғзаки равишда Қозоғистондаги иш берувчи билан уй қуриш тўғрисида келишиб олган. Иш берувчи уларга 4 000 АҚШ долларини олдиндан тўлаган ва қолган 10 минг долларни иш тугагандан сўнг тўлашни ваъда қилган. Томонлар ўртасида ҳеч қандай шартнома имзоланмаган ва туристик виза билан мамлакатга кирган ўзбекистонлик муҳожирлар Қозоғистонда ишлаш учун рухсат олмаган.
Жасурнинг эслашича, улар қурилишни якунлашлари учун бир йил кетган, аммо иш берувчи тўсатдан йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган. Марҳумнинг қариндошлари ишчиларга унинг қарзини тўлашдан бош тортган. Ҳеч қандай расмий ҳужжатга эга бўлмаган Жасур ва унинг шериклари пулларини олиш учун расмийлардан ёрдам сўрай олмаган.
“Сиз уларни мусулмон биродарлар, биродар марказий осиёликлар, инсоф қилади, деб ўйлайсиз. Аммо доим ҳам ундай бўлмайди”, дейди Жасур Озодликнинг қозоқ хизматига.
Тегишли хулоса чиқарган Жасур ўша вақтдан бери Қозоғистонда қонуний равишда ишлаб ва яшаб келади. Унинг кичик новвойхонасининг бозори чаққон.
“Мен яшаш харажатларимни қоплаш, ҳафтасига бир марта [Ўзбекистонга] оиламга пул юбориш ва келажак учун озгина сақлаб қўйишга етарли пул топаман”, дейди у.
Жасурнинг айтишича, Наманган вилоятидаги кўплаб ҳамқишлоқлари Қозоғистонга ишлагани бориш ҳақида сўраб қўнғироқ қилади. Улар Наманганда иш йўқлигидан шикоят қилиб, Қозоғистондаги вазият тўғрисида маслаҳат сўрайди.
Жасур Чимкентда тил муаммосига дучор бўлмаган, чунки ўзбек тили сингари туркий тиллар гуруҳига кирувчи қозоқ тилини осонликча ўрганган.
Маданиятлар ва таомлардаги ўхшашликлар, умумий ижтимоий қадриятлар ва урф-одатлар Жасур ва қўшни мамлакатлардан келган бошқа муҳожирларнинг Қозоғистон ҳаётига мослашишини осонлаштиради.
Аммо Қозоғистондаги ҳаёт ва иш Жасур учун вақтинчалик ечимдир. У келажакда Наманганга, ўз қишлоғига қайтишни хоҳлайди. Ҳозир ватанида уй қуриш учун пул тўпламоқда.
Аммо ҳозирча бу орзу.