Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида ишсизлар сони 1,7 фоизга камайди ва 9,4 фоизни ташкил қилди, деб билдирди 15 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Вазирликнинг билдиришича, ишсизлар сони Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан 108 та шаҳар ва туманда 26,5 минг фуқаро ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижасида аниқланган.
Ижтимоий сўровда аниқланишича, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 миллион 322 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 201,4 минг кишига ошган.
Айни пайтда ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 миллион 413 минг кишини, яъни 9,4 фоизни ташкил этган. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 14,9 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса - 12,8 фоиз бўлди.
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 842 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 302 мингги иш билан таъминланган.
Ўзбекистонда 2020 йил якунларига кўра, ишсизлар сони 1 миллион 550 минг кишини ташкил этгани ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилган эди.