Россиялик мулозимлар расмий иш жойига эга бўлмаган ва моҳиятан ишсиз ҳисобланган мигрантларнинг оиласига мамлакатга киришни тақиқлашмоқчи. Бу ҳақда Озодликнинг “Мигрант Медиа” лойиҳаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши ИИВ ва бошқа тегишли муассасаларга бу масалани ўрганиб, хорижлик ишчилар яқинларининг Россияга киришини чекловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни топширган.
Россия расмийларига яқин кўриладиган Baza Telegram-канали хабарига кўра, Давлат думасига мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улар зиммасига рус тили бўйича имтиҳон топшириш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳаси киритиб бўлинган.
Сўнгги ойларда Россияда мигрантларни мамлакатдан бадарға қилиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Масалан, Давлат думаси спикерининг ўринбосари Петр Толстой аввалроқ расмий иш фаолияти билан шуғулланмаётган мигрантлар сонини қисқартириш учун “бир киши келди — бир киши кетди” тамойилини (яъни, агар мигрант мамлакатга бир ўзи келган бўлса, бир ўзи кетади) жорий қилишни таклиф қилган эди.
Россиялик мулозимларнинг аксарияти мигрантларга қарши қонунчиликни қўллаб-қувватлашади ва улар орасида жуда камчилик мигрантларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига қарши чиқишади.
Россия Ички ишлар вазирлиги яқинда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга мигрантларни мамлакатдан бадарға қилишга имкон яратувчи яна 20 та модда қўшишга оид қонун лойиҳасини киритган.
Гарчи бу ўзгартишлар экстремистик фаолият ва миграцион қайд тартибини бузиш дохил жамоат тартибини бузиш ва хавфсизлик билан боғлиқлиги айтилаётган бўлса-да, ҳуқуқ фаоллари арзимаган қонунбузарликлар учун мигрантларнинг депортация қилинишига имкон яратувчи бу тузатишларни танқид қилиб чиқишган.