БМТ Хавфсизлик кенгаши "Ислом давлати"нинг "Хуросон" қаноти фаолиятидан ташвишда ва бу гуруҳни Афғонистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги учун асосий таҳдид деб ҳисоблайди. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, бугунги кунда "Хуросон" гуруҳи аъзолари сони (жангариларнинг оилалари билан қўшиб ҳисобланганида) 4 мингдан 6 минггача бўлган кишини ташкил қилмоқда. Гуруҳга қарашли бўлган "Хуросон овози" нашри пуштун, форс, тожик, ўзбек ва рус тилларида тарғибот олиб бормоқда.
Бундан аввалги ҳисоботларда "Ислом давлати"нинг "Хуросон" қаноти жангарилари сони 3.5 мингга яқин экани таъкидланган эди.
"Ислом давлати"нинг минтақадаги энг сўнгги қонли ҳужуми 30 июль куни содир этилган. Ўшанда Покистоннинг Бажаур вилоятидаги Хар туманида “Жамоат Уламои Ислом” партияси тарафдорлари ўтказган митингда худкуш ўзини портлатган ва камида 63 киши ҳалок бўлган, 200 киши яраланган.
"Хуросон" тўғрисидаги илк маълумотлар 2015 йилда пайдо бўлган эди. Бу гуруҳ Афғонистон ва Покистонда фаолият олиб боради. Тарихан Хуросон давлати таркиби ҳозирги Туркманистон, Эрон, Ўзбеекистон ва Тожикистонга қарашли ҳудудлардан иборат бўлган. "Хуросон" штаб-квартираси Афғонистоннинг Нангархор вилоятида жойлашган.
АҚШ Давлат департаменти "Хуросон"ни 2016 йилнинг январида террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.
Толибон ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашининг мазкур ҳисоботига норозилик билдирди. Толибон "Ислом давлати" ва унга тегишли қанотлар Афғонистон орқали дунё давлатлари хавфсизлигига таҳдид солаётганини инкор қилиб келмоқда.
Толибон фикрича, Афғонистонда сўнгги бир йил ичида "Ислом давлати" фаолиятига барҳам берилган.