Тошкентда ўтаётган Иккинчи инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки билан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимлар имзоланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Расман билдирилишича, 27 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассирни қабул қилди.
Учрашув пайтида томонлар Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида қишлоқ ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимларни имзолагани билдирилди.
Айни пайтда Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда умумий қиймати “1,3 миллиард доллардан кўпроқ иқтисодий қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди”.
“Учрашувда амалий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий воситаларни такомиллаштириш, Банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилиш борасида аниқ лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши ва инновацион экотизимни яратиш масалаларида техник кўмакни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди”,-дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур форум очилишида нутқ сўзлагани ва унда Ўзбекистон бир йил ичда “1 миллион кишини қашшоқликдан чиқаргани”ни айтгани хабар қилинганди.
Тошкентда 27-28 апрель куни ўтказиладиган Иккинчи халқаро инвестиция форумида, расман билдирилишича, 70 мамлакатдан келган 2,5 мингга яқин “ишбилармон доиралар ва банк-молия соҳаси вакиллари” иштирок этмоқда.
Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 2022 йилнинг 24-26 мартида ўтказилган эди. Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 2020 йилнинг 5−6 март кунлари ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли форум қолдирилган эди.