Испания ва Япония Талимаржон ИЭСда иккита буғ-газ қозони қуради

Иллюстратив сурат.

Испания ва Япония инвестиция лойиҳаси доирасида Талимаржон ИЭСда 2025 йил якунига қадар умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган иккита буғ-газ қозонини қуриб беради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли“Дунё” ахборот агентлиги.

Испаниянинг Intecsa Ingeniera Industrial S.A. ва Япониянинг Mitsubishi Corporation ширкатлари лойиҳанинг бош пудратчилари сифатида танланган ва улар билан шартномалар имзоланган.

Хабарда таъкидланишича, лойиҳа Осиё тараққиёт банки берадиган имтиёзли кредит ҳисобидан амалга оширилади. Лойиҳа Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчилари, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станцияси ва республика аҳолисини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши айтилди.

«Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига қўшимча 7,2 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 520 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади», дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳукумати бундан аввал ҳам энергетика соҳасида қатор лойиҳаолар амалга оширилганини ва аҳолини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланишини айтиб келади. Бироқ шу кунгача куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда аҳолини электр ва газ билан таъминлаш муаммолигича қолмоқда.

Аҳолини электр билан таъминлаш оғирлашгани оқибатида пойтахт Тошкентда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёриткичларининг электр истеъмоли чекланади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани тўғрисида маълум қилган эди. Бунинг ортидан МДМ электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида блэкаут юзага келишининг олдини олиш мақсадида махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда яна блэкаут эҳтимоли мавжудли айтилмоқда


“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирган эди. Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.