Исроил ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) гаровга олган кишиларнинг озод қилиниши эвазига Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШнинг сўнгги таклифини дастаклади. Бу ҳақда 19 август куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан уч соатлик учрашувдан кейин билдирди.
“Эндиликда айнан шундай қилиш навбати ҲАМАСда”, деган Блинкен журналистларга. У сулҳ битимида ҲАМАС томонидан кўтарилган масалалар ҳисобга олиниб-олинмаганига аниқлик киритган эмас. Блинкен томонлар Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар воситачилигида “йиғилиб, жараённи якунлашлари” лозимлигини қўшимча қилган.
“Лидерлар томонидан кескин қарорларни талаб қилган мураккаб масалалар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Охир-оқибат ҳаммаси айнан уларга боғлиқ”, дея қайд этган Блинкен.
АҚШ Давлат котиби эришилган шартлар моҳиятига тўхталмаган. Нетаняҳу билан учрашувдан кейиноқ у музокараларни давом эттириш учун аввал Қатарга, кейин эса Мисрга йўл олади. АҚШ ўт очишни тўхтатишга оид музокаралар бўйича муросавий таклифни ўтган ҳафтада Дохада тақдим қилган эди.
Сулҳ олти ой давом этиши тахмин қилинмоқда. У уч босқичдан иборат бўлиб, сулҳ битими доирасида ҲАМАС ўтган йилнинг 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум чоғида гаровга олинган кишиларнинг барчасини озод қилади, бунинг эвазига Исроил Ғазо секторидан ўз кучлари олиб чиқиб кетади ва фаластинлик маҳкумларни озод этади. Сулҳ билан тўлиқ оташкесим шартларига оид музокаралар бошлаш ҳам кўзда тутилган.
Айни пайтда айрим таҳлилчилар сулҳга оид музокаралар ижобий натижа беришига ишончсизлик билан қарашмоқда.
Ғазода сулҳ тузиш ва гаровдагиларни озод қилишга оид музокаралар сўнгги ҳафталарда жадаллашган. Вашингтон июль ойида Теҳронда ҲАМАС лидери Исмоил Ҳания ўлдирилиши ортидан Эроннинг Исроилга муҳтамал ҳужуми бўйича хавотирлар манзарасида минтақавий зиддият эскалациясига йўл қўймасликка уринмоқда. The New York Times нашри 17 август куни Ғазо бўйича музокараларга путур етмаслиги учун Исроилга зарба беришни кейинроққа қолдиришга рози бўлгани ҳақида ёзган эди.