Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазо секторининг шимоли устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг шимолий бригада ва дивизиялари тарқатиб юборилганини билдирди.
Исроил армияси вакили Даниэль Хагарига кўра, жиҳодчилар "тузилмаларининг демонтажи" бешта вазифани ўз ичига олган бўлиб, булар ҲАМАС командирларини "йўқ қилиш", гуруҳ билан қуруқликдаги кураш, разведка маълумотларини йиғиш, қурол-аслаҳа ва ерости тунелларини йўқ қилишдан иборат эди. "Бу мақсадларнинг барчасига эришилди", деган Хагари.
ЦАХАЛ вакили эндиликда армия ўз эътиборини Ғазо маркази ва жанубидаги жанговар ҳаракатларга қаратганини қайд этган.
Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти ўтган йил 7 октябрида ҲАМАС жангарилари Исроил жанубига уюштирган ҳужуми ортидан бошланган. Ўшанда 1200 дан зиёд одам ўлиб, беш мингдан ортиқ киши яраланган эди. Ғазодаги фаластинликлар тақрибан 240 кишини гаровга олишган. Улардан бир қисми - асосан аёллар ва болалар Исроил қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳкума аёллар ва ўсмирларга алмаштирилган.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида 22 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлган, уларнинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил этади.
Дунёдаги кўплаб мамлакатлар вакиллари фаластинликлар орасида қурбон кўплиги сабабли ЦАХАЛни танқид қилиб келишмоқда. Бунга жавобан Исроил расмийлари ҲАМАС ўз объектларини Ғазодаги маҳаллалар орасига жойлаштириб, тинч фуқаролардан қалқон сифатида фойдаланаётганини билдиришган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз мамлакати ҳарбий амалиётни ҲАМАС бутунлай йўқ қилинмагунича давом эттиришини бир неча бор таъкидлаган. Бу орада CNN томонидан фикри сўралган экспертлар Исроил раҳбарияти ҲАМАСни тамоман йўқ қилиш режасидан воз кечиб, ҳарбий кучларни гаровда қолаётган шахсларни озод қилишга йўналтирмоқда, дея тахмин қилишяпти.