Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши қуруқликдаги амалиёт бошланганидан буён бир сутка ичида энг кўп талафотни берди. Армия қўмондонлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, сўнгги суткаларда исроиллик 24 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.
ЦАХАЛ вакили контр-адмирал Даниэль Хагарига кўра, 21 нафар ҳарбий исроиллик ҳарбийлар бўлган икки бинода бомба портлаши оқибатида ўлган. Ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. Шунингдек, Исроил танки гранатомёт воситасида ишдан чиқарилгани айтилмоқда.
Исроил президенти Ицхак Герцог ҳарбийлар ўлими юзасидан таъзия билдирган.
Ҳозирда энг шиддатли жанглар ҲАМАСнинг асосий кучлари жамланган Ғазо сектори жанубий-ғарбидаги Хон Юнус шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Душанба куни Исроил қўшинлари ҲАМАС жангчилари мудофаада бўлгани иддао этилган касалхона биносини ишғол қилгани очиқланган эди. Фаластин томони бу иддаони рад этмоқда. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги исроилликлар тиббиёт ходимларини ҳибсга олгани ҳақида маълумот тарқатган.
ЦАХАЛ Ғазодаги амалиётни ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан бошлаган эди. Ўшанда болалар ва хорижликлар дохил 1200 нафардан зиёд исроиллик нобуд бўлган, икки юз чоғли киши гаровга олинганди - уларнинг ярмидан кўпи ҳалигача Ғазо секторида ҲАМАС қўлида гаровда қолмоқда.
Халқаро ҳамжамият Фаластин аҳолиси ўртасидаги қурбонлар туфайли Исроилни танқид қилиб келяпти. Фаластин томони маълумотига кўра, 7 октябрдан буён Ғазода 25 мингдан зиёд одам ўлган. Исроиллик ҳарбийлар жиҳодчилар ўз ҳарбий объектларини одамлар яшаётган бинолар орасига жойлаштираётганларини ва тинч аҳоли вакилларидан тирик қалқон ўлароқ фойдаланаётганини иддао қилишмоқда.