Исроил авиацияси Байрут марказига зарба берди

Байрут марказига берилган зарба оқибатлари, 2024 йил 10 октябри

Исроил авиацияси Байрут марказидаги биноларга зарбалар берди. Саудиянинг Al Hadath телеканали хабарига кўра, ҳужум ҳадафи “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг марҳум лидери Ҳасан Насруллоҳнинг куёви ва ташкилот махсус хизматлари раҳбари Вофиқ Сафо бўлган.

Зарбалар натижасида унинг ўлгани ёки тирик қолгани тасдиқланганича йўқ. Ливаннинг Al Mayadeen нашри гуруҳдаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Вофиқ Сафо тирик қолгани ҳақида хабар қилган.

Исроил ҳужум юзасидан изоҳ берган эмас.

Ливан ОАВ зарбалар натижасида тўрт қаватли бино вайрон бўлгани, саккиз қаватли бинога шикаст етгани ҳақида ёзмоқдалар.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса чоғида 22 киши қурбон бўлгани, 100 дан зиёд одам яралангани ҳақида маълумот тарқатди.

Араб матбуоти зарбалар Байрутнинг аҳоли зич яшайдиган мавзеларига берилганини қайд этган. Зарбалар ортидан у ерда яшовчи одамлар орасида саросима бошланган. Қутқарувчилар бинолардан бирининг юқори қаватларида қолиб кетган кишиларнинг ҳаммасини эвакуация қилишга муваффақ бўлган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас. Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан бирида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.