Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолди

Ғазо сектори бўйлаб ҳаракатланаётган Исроил аскарлари, 2024 йилнинг 6 марти

Исроил билан ҲАМАС гуруҳи (АҚШ, ЕИ ва Британияда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасидаги оташкесим ва гаровдагиларни алмаштириш бўйича музокаралар 6 март куни боши берк кўчага кириб қолган. Reuters агентлигининг ёзишича, ҲАМАС бошқарувида бўлган Ғазо секторидаги гуманитар инқироз Ғарб мамлакатларини тобора кўпроқ хавотирга солмоқда.

Фаластин тарафида туриб музокара олиб бораётган Қатар ва Миср Рамазон ойида Ғазода 40 кунлик оташкесим таъминланишига уринмоқда, бироқ бунга Исроил томони қарши чиқяпти.

АҚШ президенти Жо Байден сешанба куни “исроиллик иттифоқчилар” ҳамкорлик истагини билдираётганини айтиб, ҲАМАС гуруҳини Қўшма Штатлар томонидан таклиф этилган шартларни қабул қилишга чақирган. Байденга кўра, Вашингтон гаровда тутиб турилган исроилликларни ватанига қайтариш эвазига оташкесимга оид оқилона таклиф билан чиққан. АҚШ президенти ҳозирда мазкур масаланинг ҳал бўлиши ҲАМАСга боғлиқ бўлиб турганини билдирган.

БМТ маълумотига кўра, айни пайтда Ғазо секторидаги аҳолининг тўртдан бири тўйиб овқат емасликдан азият чекмоқда.

Ўтган йилнинг 7 октябрида фаластинлик жангарилар Исроил ҳудудига ҳужум уюштиргани ортидан исроилликлар Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган ва Ғазо ҳудуди сўнгги кунларда ҳам ЦАХАЛ томонидан ўққа тутилган. Reuters хабарига кўра, ўққа тутиш якшанба куни Қоҳирада очилган музокаралар билан бир вақтда бошланган.