Исроил БМТ бош котиби Антониу Гутерриш “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилиб, унинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац билдирди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
“Эроннинг Исроилга қабиҳона ҳужумини дунёдаги қарийб барча мамлакатлар каби сўзсиз қоралай олмаган шахс Исроил ерига қадам босишга лойиқ эмас”, деган Кац.
Биринчи октябрь куни Эрон Исроил ҳудудига 180 дан зиёд баллистик ракета отган. Бу Ливаннинг Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан Исроил ўртасидаги жанглар эскалацияси манзарасида содир бўлган.
Ракеталарнинг анчагинаси ҳавода уриб туширилган, бироқ кўплаб ракета ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтган.
Эрон Исроил томонга отилган ракеталарнинг 90 фоизи нишонга урилганини, Исроил эса ҳеч қаерга шикаст етмаганини иддао қилмоқда. Хабар ёзилаётган пайтгача ҳужум оқибатлари бўйича ҳеч қандай мустақил баҳо эълон қилингани йўқ.
Ҳужумдан сўнг Гутерриш X ижтимоий тармоғида қисқагина қилиб Яқин Шарқдаги можаро “эскалация ортидан эскалация билан” кенгайиб бораётганини қоралаши ҳамда оташкесимга чақириши ҳақида пост қолдирган.