Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан ўзида ишонч қолмаганини айтиб, уни ишдан бўшатди. Бу ҳақда Нетаняҳу офиси маълумот тарқатди.
Галантнинг ўрнига Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиш ташқи ишлар вазири Исраэл Кацга топширилган. ТИВга эса бундан буён ҳукуматнинг яна бир аъзоси бўлган Гидеон Саар етакчилик қилади.
“Урушнинг илк ойларида ўзаро ишонч бўлиб, ҳамкорликдаги иш фойда берганига қарамай, сўнгги ойларда мен ва мудофаа вазири ўртасидаги бу ишончга, афсуски, путур етди”, дея таъкидлаган Нетаняҳу Галантнинг истеъфосини изоҳлар экан. Нетаняҳу Галант бутун ҳукумат қарорларига зид келувчи қарорлар қабул қилгани ва баёнотлар билан чиққанини ҳам қўшимча қилган. Бош вазир ўртадаги келишмовчиликларни бартараф қилишга урингани, бироқ улар “тобора кенгайиб боргани”, пировардида бу вазиятдан Исроил душманлари “кўп фойда топгани”ни урғулаган.
Бешинчи ноябрь куни Йоав Галант ҳам бу борада изоҳ берган. “Исроил давлати хавфсизлиги доим ҳаётимдаги асосий иш бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, деган собиқ мудофаа вазири.
Reuters қайдича, ўнгчи “Ликуд” партиясидан бўлган Нетаняҳу ва Галант бир неча ойдан буён Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳига (Исроил, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши Исроил амалиётининг кейинги ҳаракатлари юзасидан баҳслашиб келишаётган эди. Бу баҳслар ҲАМАС вакилларининг 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужумидан кейиноқ бошланган. Ўша пайтдаги ҳужумда 1200 дан зиёд одам ўлган, 250 дан зиёд киши эса гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган.
Мавжуд келишмовчиликлар ҳақида сўз кетганда ҳарбийлар анчадан буён жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва ҲАМАС қўлида гаровда тутиб турилганларни уйга қайтариш ҳақида келишувга эришиш фикрини олға суришаётганини қайд этиш лозим. Нетаняҳу фикрича эса, жанговар ҳаракатлар ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳукмрон ташкилот ва қуролли куч сифатида йўқ қилинмагунича давом этиши шарт.