ҲАМАС ҳужумида ҳалок бўлганлар орасида уч ўзбекистонлик борлиги айтилмоқда

Исроил Ташқи ишлар вазирлигига нисбат берилган инфографика.

Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг 15 октябрда билдиришича, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумлари оқибатида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ҳалок бўлди, деб ёзди 16 октябрда “Газета уз”. Хабарда яна тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак кетгани айтилади.

Ҳозиргача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотга муносабат билдирмади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда қайд этилишича, 15 октябрь ҳолатига кўра, ҳужумлар оқибатида 148 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган, 143 киши бедарак кетган.

11 октябрь куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси айрим ОАВларда ҲАМАС гаровга олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги тўғрисида тарқатган маълумотлар “тасдиқланмагани”ни таъкидлаган ҳолда, нашрларни ва блогерларни “фақат расман тасдиқланган маълумотларни тарқатиш”га чақирган эди.

Мана шу хабардан кейин элчихона сайтида бошқа бунга доир маълумот чиқмади. Озодлик радиоси элчихона билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча элчихона ходимлари Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.