Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ўт қўйишга уринган 19 ёшли талаба иши бўйича ҳукм чиқарди.
Суд ҳукми билан танишган маҳаллий нашрлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2-курсида ўқиган А. А. бу ишни Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларга оид видеоматериалларни кўргани ортидан Исроил давлатига бўлган нафрати ошгани туфайли амалга оширмоқчи бўлгани ҳақида ёзишмоқда.
Қайд этилишича, А. А. ўтган йилнинг 19 октябрига ўтар кечаси спорт сумкасига керосин қуйилган шиша идин, гантель тошлари, гугурт ва мато бўлакларини жойлаб, велосипедда Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси биноси ёнига борган.
Ниятини амалга оширмоқчи бўлиб турган йигитнинг ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ходимларига шубҳали кўринган. Улар йигитдан тўхташни сўрашганида, А. А. велосипедига миниб, ИИБ ходимларидан қоча бошлаган.
Ходимлар машиналарида йигитни қувиб етиб, ундан сумкасидаги ашёларни кўрсатишни сўрашган.
Ушланганидан кейин ҳам ниятидан қайтмаган А. А., суд материалларига кўра, ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидан топилган керосинли идиш ва бир дона гантель тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга борган. Йигит Исроил элчихонаси эшиги олдида унинг ортидан кузатиб борган ИИБ ходимлари ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинган. Бироқ А.А. ходимлар келгунига қадар керосинли шишани ва гантель тошини девор устидан элчихона ҳовлисига улоқтиришга эришган.
Судланувчи А.А. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов чоғида берган кўрсатмаларини тасдиқлаган.
Суд материалларида айтилишича, судланувчи одамларга ва элчихонага зарар етказиш нияти бўлмаганини, шунчаки Исроил давлати Фаластиндаги шифохонани бомбардимон қилгани учун норозилик билдирмоқчи бўлганини ҳамда ўз ҳаракатларининг нотўғрилигини тушунганини айтган.
Маҳаллий нашрлар судда судланувчи талаба ўз айбини тўлиқ тан олгани ҳамда Ўзбекистон президенти ва халқидан, шунингдек, Исроил элчихонасидан кечирим сўрагани ҳақида ёзишмоқда.
Жорий йилнинг 19 апрелида чиқарилган суд ҳукми билан судланувчи А. А. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.