Ғазо: Исроилнинг ҳар бир зарбаси билан кенг кўламли уруш хавотири кучаймоқда - AP

Ғазо бўлгаси. Яқин Шарқ

Ўтган ҳафта Исроил Байрутдаги ҳаво ҳужумида Ҳамаснинг юқори мартабали жангарисини йўқ қилди, Ҳизбуллоҳ Исроилнинг муҳим ҳарбий базасига ракета ҳужуми уюштирди, Қўшма Штатлар Бағдодда жангарилар қўмондонини ўлдирди, Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлаган исёнчилар АҚШ денгиз флоти билан тўқнашди.

Ҳар бир зарба ва қарши ҳужум Ғазодаги урушнинг бутун минтақага тарқалиш хавфини оширади. Қўшма Штатлар ва Исроил бир томонда, Эрон ва иттифоқчилари иккинчи томонда қарама қаршиликка борар экан, заиф кўриниб қолмаслик учун ҳам кенгроқ уруш бошлаб юбориши мумкин.

Ҳар бир лагерь ичидаги бўлинишлар яна бир беқарорлик қатламини пайдо қилди: Ҳамас 7 октябрдаги ҳужум ўз иттифоқчиларини Исроилга қарши кенгроқ урушга тортади деб умид қилган бўлиши мумкин. Исроилликлар Ливандаги вазиятни ўзгартириш ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда (душанба куни Исроил ҳаво ҳужумида Ҳизбуллоҳ қўмондони ҳалок бўлди), ҳатто Вашингтон тўқнашувлардан тийилишга ҳаракат қилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи

ИСРОИЛ-ҲАМАС УРУШИ

Ҳамаснинг айтишича, 7 октябрь куни Исроил жанубига ҳужум Исроилнинг ўнлаб йиллик ҳукмронлигига Фаластиннинг жавоби бўлди. Эрон, Ҳизбуллоҳ ёки бошқа иттифоқчи гуруҳлар тўғридан-тўғри роль ўйнагани ёки бу ҳақда олдиндан билгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Аммо Исроил бунга жавобан 2.3 миллион фаластинлик истиқомат қилувчи Ғазода вайронкор ҳарбий юришларини бошлаб юборди. Эрон ва у қўллаб-қувватлаётган жангари гуруҳлар бунга жавоб қайтариш босими остида қолди.

Фаластин масаласи бутун минтақада акс-садо беради. Ҳамасни Исроил қаршисида ёлғиз қолдириш Эронни 1979 йилги Ислом инқилобидан бери тузган ҳарбий иттифоқини йўқ қилиши мумкин.

“Улар урушни хоҳламайдилар, лекин шу билан бирга Исроилни жавобсиз қолдиришни ҳам хоҳламайдилар”, дейди Ҳизбуллоҳ бўйича ливанлик эксперт Қосим Кассир.

"Катта нимадир содир бўлиши керак, аммо урушсиз. Шунда исроилликлар ва америкаликлар олдинга йўл йўқлигини кўрсин", дейди у.

Эроннинг барча минтақавий ишончли вакиллари орасида Ҳизбуллоҳ энг катта дилеммага дуч келмоқда.

Бир томондан Ҳамасга етарлича ёрдам бера олмаса, ўзини заиф иттифоқчидек кўрсатиб қўяди. Бошқа томондан кенг кўламли урушни бошласа, Исроил шундоқ ҳам аллақачон оғир иқтисодий инқироз ботқоғига ботган Ливанга жиддий зарар етказиши мумкин. Ҳатто Ҳизбуллоҳ тарафдорлари ҳам буни жуда катта тўлов деб билиши мумкин.

Ҳизбуллоҳ Ғазо секторида уруш бошланганидан бери деярли ҳар куни чегара бўйлаб ҳужумлар уюштирмоқда ва бундан кўзланган мақсад Исроил қўшинларининг бир қисмини шимолда ушлаб туриш. Исроил ҳам жавоб қайтармоқда, аммо ҳар бир томон интенсивликни муайян чегарада ушлаб турибди.

Ҳизбуллоҳнинг шанба куни Исроил ҳарбий базасига камида 40 та ракета отгани уруш бошланишига сабаб бўлмаса ҳам, Исроилнинг душанба кунги қарши зарбасига сабабчи бўлди.

80 та ракета жиддий ўзгаришми? Агар кимдир ўлдирилган бўлса-чи? Тўлиқ миқёсли ҳужум қанча қурбон талаб қилади? Аниқ жавоб йўқ.

Мутахассислар фикрича, бундай бўлиши учун бир ҳужум етарли бўлмаслиги мумкин.

Исроил қарийб уч ой олдин Ҳизбуллоҳнинг ҳужумлари сабабли шимолдан эвакуация қилинган ўн минглаб фуқаролари ўз уйларига қайтаришни истамоқда, шу боис Ҳизбуллоҳнинг чегарада қуролли мавжудлигига тоқат қилолмаслиги мумкин.

Исроил етакчилари агар Ҳизбуллоҳ 2006 йилда БМТнинг жангари гуруҳнинг чегарадан нари кетишини назарда тутган сулҳ битимига амал қилмаса, ҳарбий куч ишлатиш билан бир неча бор таҳдид қилган.

“Урушни икки томон ҳам истамайди, лекин бу муқаррар деб ҳисоблайди”, дейди Тел-Авив университети қошидаги Исроил Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти катта илмий ходими Йоэл Гузанский.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?

АҚШНИНГ ТИЙИБ ТУРИШИ

Октябрь ойида Қўшма Штатлар минтақага иккита авиаташувчини жойлаштирди. Улардан бири ортга қайтди, лекин ўрнига бошқа ҳарбий кемалар келди. Бу Эрон ва унинг иттифоқчиларини огоҳлантириш эди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бу огоҳлантиришга кўнмаган кўринади.

Сурия ва Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлаган жангари гуруҳлар АҚШ базаларига ўнлаб ракета ҳужумларини амалга оширди. Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусий исёнчилар Қизил денгиздаги халқаро юк ташувчи кемаларга ҳужум қилмоқда, бу эса глобал иқтисодиёт учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Эроннинг айтишича, ҳусийлар Теҳрон буйруғи билан эмас, ўзлари мустақил ҳаракат қилмоқда.

Кўпчилик америкаликлар Ироқ ва Афғонистондаги йигирма йиллик қимматга тушган ҳарбий кампаниялардан сўнг Яқин Шарқда яна урушни истамайди.

Аммо сўнгги ҳафталарда АҚШ кучлари Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган жангариларнинг юқори мартабали қўмондонини ва юк кемасига ҳужум қилган 10 нафар ҳусий исёнчини ўлдирди.

Вашингтон Қизил денгизда хавфсизликни таъминлаш учун халқаро кучларини тўплашга уринмоқда. Аммо АҚШ йиллар давом этган урушдан сўнг Саудия Арабистони билан тинчлик келишувига эришай деб турган ҳусийларга қуруқликда ҳужум қилишга иккиланаётган кўринади.

Айни пайтда Исроил расмийлари Ҳизбуллоҳ ва ҳусийларни чекинишга кўндириш дарчаси ёпилаётганини айтмоқда.

БУ ҚАНДАЙ ТУГАЙДИ?

Исроил Ҳамасни буткул тор-мор этишни мақсад қилган экан, минтақавий таранглик юқорилигича қолиши мумкин. Бу гуруҳнинг Фаластин жамиятида чуқур илдиз отганини ҳисобга олсак, бунинг имконияти қанча экани кўпчилик учун савол бўлиб турибди. Исроил раҳбарлари эса бунинг учун яна бир неча ой керак бўлишини айтмоқда.

Исроилга муҳим ҳарбий ва дипломатик ёрдам кўрсатаётган АҚШ уни тўхтатишга қодир ягона куч сифатида кўрилади. Афтидан, Эроннинг иттифоқчилари Вашингтон харажатлари ошиб кетса, муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилишига ишонмоқда.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича масъули Жозеп Боррел ва Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок шу ҳафта минтақага сафар қилиб, дипломатик йўли билан зўравонликларни тўхтатишга ҳаракат қилишди.

Аммо энг муҳим хабарлар ҳали ҳам ракеталар орқали юборилиши мумкин.

“Америкаликлар Эрон билан очиқ урушни, эронликлар эса АҚШ билан очиқ урушни хоҳламайди”, дейди Ливаннинг «Ан-Наҳар» газетаси таҳлилчиси Али Ҳамада. "Шунинг учун музокаралар қизғин давом этмоқда."