Исроил Ғазодаги COVID-19 га тест олинадиган ягона лабораторияни вайрон қилди

Ғазо минтақасидаги COVID-19 вирусига тест олинадиган ягона лаборатория Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари туфайли фаолият юрита олмайдиган ҳолга келди. Бу ҳақда The Times of Israel газетаси хабар қилди.

Газетанинг ҲАМАС вакиллари сўзларига таянган ҳолда ёзишича, зарбалар оқибатида Ал Римал шаҳридаги шифохонанинг лаборатория жойлашган қисми вайрон бўлган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қизил Ярим ой ташкилотининг Қатар бошқармаси ҳам зарар кўрган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазири Юсуф Абу ал-Ришнинг журналистларга маълум қилишича, вазирлик ходимлари орасида жароҳат олганлар бор, улардан айримларининг аҳволи оғир, дея баҳоланмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, Ғазо минтақасида мусбат тестлар даражаси 28 фоизга тенг бўлиб, бу дунё бўйича энг юқори кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Касалхоналар беморларга тўла.

Минтақада жами 103 минг кишида коронавирус аниқланган, COVID-19 билан боғлиқ хасталиклардан 930 дан зиёд инсон вафот этган, деб ёзган The Times of Israel.

Фаластин матбуоти 18 май куни Исроил мудофаа армияси бутун Ғазо минтақаси бўйлаб, жумладан ҲАМАСнинг соҳилбўйидаги кемаларига ёппасига зарба бергани ҳақида хабар қилди.

Кеча Washington Post газетаси Қўшма Штатлар Исроилга 735 миллион доллар қийматли ўта аниқ зарба берувчи қурол сотишга қарор қилгани тўғрисида ёзганди.

Можаро бошланган 10 майдан бери Ғазо минтақасида 192 киши, жумладан 58 нафар бола ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари ҲАМАС ўз қароргоҳларини турар-жой бинолари ёнида қуриб, оддий одамлардан қалқон ўрнида фойдаланаётганини иддао қилишмоқда.