Исроил Ғазодаги жангларни вақтинча тўхтатиши мумкин

Фаластинлик қочқинларнинг Дайр эл-Балахдаги лагери, 2024 йил 3 июни

Исроил гаровдагиларни озод қилиш учун Ғазо секторидаги жангларни 42 кунга тўхтатиб туриши мумкин. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу баёнот берди.

Шу билан бирга, Исроил бош вазирига кўра, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига қарши амалиёт давом эттирилади.

Исроил гаровдагиларни қайтариш учун 42 кунга жанговар ҳаракатларни тўхтатиши мумкин, бироқ биз урушни тўхтата олмаймиз. Эронликлар ва бизнинг барча душманларимиз “таслим бўлишадими-йўқми?” деган истак билан бизга қараб туришибди. Жуда кўп ёлғон хабар тарқатилмоқда”, деган Нетаняҳу парламентнинг хорижий ишлар ва мудофаа комиссияси ёпиқ мажлисида. Унинг сўзларини Israel Hayom газетаси келтирган.

The Times of Israel нашрининг аниқлик киритишича, Нетаняҳу шу тариқа Яқин Шарқдаги зиддиятни ҳал қилиш бўйича АҚШ президенти Жо Байден томонидан ўтган ҳафта тақдим этилган режани изоҳлаган. Мазкур ташаббусда жумладан олти ҳафталик оташкесим, гаровдагиларнинг барчасини озод қилиш, Исроил қўшинларини Ғазо ҳудудидан бутунлай олиб чиқиш, фаластинликларни секторга қайтариш ва Ғазони тиклаш кабилар ҳам кўзда тутилган эди.

Нетаняҳу АҚШ президенти томонидан баён қилинган таклиф тўлиқ эмаслигини ҳам қайд этган.

Уруш гаровдагиларни қайтариш учун тўхтатилади, кейин эса биз муҳокама қиламиз. АҚШ президенти томонидан жамоатчиликка тақдим этилмаган бошқа тафсилотлар ҳам бор”, дея билдирган Исроил бош вазири.

Аввалроқ ҲАМАС гуруҳи Байден режасига ижобий муносабат билдирган эди.

Айни пайтда Исроил ҳукуматининг ўта ўнг қарашли икки аъзоси — молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, агар Нетаняҳу Байден таклиф қилган келишувни қабул қилса, унинг коалициясидан чиқишларини билдиришган.

Бу орада Исроил армияси ҲАМАС гуруҳи томонидан ўтган йил 7 октябрида тутиб кетилган яна тўрт киши ўлганини эълон қилди. Мазкур маълумот Исроил разведкасидан келиб тушган. Гаровдагиларнинг жасадлари Ғазо секторида қолмоқда.