Исроил Ғазога “ўлим пайғоми” йўллашда давом этмоқда

Душанба куни Исроил ҳарбий учоқлари Ғазо шаҳрини бомбардимон қилишда давом этди. Бу ҳақда “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги хабар бермоқда.

Аввалроқ Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу “Ҳамас” гуруҳига қарши зарбалар тўхтатилмаслигини маълум қилган эди.

Душанба куни амалга оширилган шиддатли ҳужумлар 10 дақиқа давом этган. Якшанба кунги ҳужумларда 42 нафар фаластинлик ҳалок бўлган эди.

Исроил ҳарбийлари Ғазо бўйлаб тўққиз нафар “Ҳамас” қўмондони уйига ҳужум қилганини билдирди. Бугун амалга оширилган ҳужумларда неча одам жабр кўргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Исроил Ғазо ғарбидаги асосий йўл, хавфсизлик хизматлари бинолари ва очиқ ҳудудларни нишонга олган. Электр энергиясини тақсимловчи ширкат ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо шаҳрининг асосий ҳудудларига электр етказувчи тармоқ зарар кўрганини билдирди.

Якшанба куни Нетаняҳу телевидение орқали мурожаатида Исроил ҳужумлари тўлиқ куч билан давом этаётгани ва ушбу жараён вақт талаб қилишини айтган.

“Ҳамас” гуруҳи ҳам ҳужумни давом эттирди ва Ғазодан Исроилнинг тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларига ракета отди.

Якшанба куни Исроил армияси тушдан кейин беш дақиқа ичида уч иморатни вайронага айлантирди.

Исроил ва “Ҳамас” ўртасида сўнгги марта 2014 йилда содир бўлган урушдан бери энг шиддатли тўқнашувлар кечмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш идораси Исроил ҳужумлари оқибатида нобуд бўлганлар орасида 16 нафар аёл ва 10 нафар ёш бола борлиги, яна 50 одам жароҳат олганини маълум қилди.

Исроил армияси матбуот котиби зарбалар “Ҳамас”нинг ерости ҳарбий инфратузилмасига қаратилганини таъкидлади.

“Ҳужум натижасида ерости иншооти қулаб тушди, натижада унинг устидаги фуқаролар уйлари пойдевори ҳам қулаб, кутилмаган йўқотишларга олиб келди”, дейилади армия баёнотида.

Нобуд бўлганлар орасида “Шифо” касалхонасининг ички касалликлар бўлими бошлиғи Айман Абу ал-Ўф ва шифохонанинг коронавирусни бошқариш қўмитаси аъзоси ҳам бор. Абу ал-Ўфнинг икки ўспирин фарзанди ва икки оила аъзоси ҳам вайроналар остида қолган.

Ғазо секторининг заиф соғлиқни сақлаш тизими Исроил ҳужумлари арафасида коронавирусга чалинганлар сони кўпая бошлагани сабаб мушкул аҳволга тушиб қолган эди.

Ҳаво зарбалари натижасида Ғазо шаҳридаги энг баланд бинолар ер билан яксон этилди. Исроил ушбу биноларда “Ҳамас” ҳарбий инфратузилмаси бўлганини иддао қилмоқда.

Вайрон этилган бинолар орасида “Ассошиэйтед Пресс” агентлигининг Ғазо офиси ва бошқа оммавий ахборот воситалари жойлашган бино ҳам бор.

“Ассошиэйтед Пресс” вице-президенти Салли Базби агентлик биносининг вайрон қилиниши бўйича мустақил тергов ўтказишга чорлади.

Бош вазир Нетаняҳу иморат ичида “Ҳамас” ҳарбий разведкаси иш олиб борганини иддао қилди. У барча далиллар разведка каналлари орқали улашилишини айтди. Аммо ҳозирча на Оқ уй, на АҚШ Давлат департаменти Исроилдан бундай далил олганини тасдиқлади.

С.Базби Исроилни барча далилларни тақдим этишга чақирди. Айни пайтда, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти халқаро жиноят судидан Исроил томонидан оммавий ахборот воситалари офислари нишонга олинганини уруш жинояти ўлароқ тергов қилишни сўради.

Исроил томонидан Ғазога йўлланган “ўлим пайғоми” – авиазарбалар оқибатида камида 188 нафар фаластинлик, шу жумладан, 55 нафар бола ва 33 нафар аёл ҳалок бўлган, 1230 киши яраланган. Ғазодан учирилган 3100 ракета ҳужумидан эса Исроилда 8 киши, шу жумладан, 5 ёшли бола ва бир аскар ҳалок бўлган.