Тошкентда 29 октябрь куни Амир Темур хиёбонига Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказиш ниятида йиғилган юздан кўпроқ киши ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Расул Кушербаев ўз телеграм каналида маълум қилди.
“Билдирилишича, 100 дан ортиқ одам йиғилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари режалаштирилган йиғилишдан хабардор бўлган. 100 дан ортиқ одам ички ишлар бўлимларига олиб бориб, суҳбат ўтказилган ва уларнинг аксариятини қўйиб юборилган”, деб ёзди Расул Кушербаев.
«Газета.uz»нинг хабар беришича, бу хабарни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар ҳам тасдиқлаган. Нашрнинг ёзишича, 29 октябрь куни “акцияда иштирок этиш учун нафақат шаҳар аҳолиси, балки қўшни вилоятлардан ҳам пойтахт марказига одамлар келган. Улар майдонда гуруҳ бўлиб йиғилиб, жами 100 дан ортиқ одам иштирок этган”.
Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистон сегментида мазкур акцияни ўтказиш чақириқлари бир неча кун аввал пайдо бўлган. Намойиш фаоллари “Истанбулда Фаластинни қўллаб-қувватлаш митинги учун қилинган баннердан кўчирилган баннер тайёрлаган”.
“Баннерда Амир Темур ҳайкали ва унинг атрофида йиғилган, қўлларига Ўзбекистон ва Фаластин байроқларини кўтариб олган кўплаб одамлар тасвирланган. Унда вақт ва жой ҳам кўрсатилган эди: 14:00, Амир Темур хиёбони. Баннернинг пастки қисмида «Фаластин билан елкама-елка», «15 сутка мени қўрқитмайди» ва «Кўпчилик бўлсак, бизни эшитишади» деган ёзувлар бор эди”, деб ёзди «Газета.uz».
Хабарда ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур йиғилишдан аввалдан хабардор бўлгани таъкидланади. Шунинг учун ҳам бу ерга Миллий гвардия ва бошқа кучишлатар идоралар ходимлаори аввалдан олиб келинган.
Орган ходимлари воқеа жойида юздан ортиқ одамни қўлга олиб, ички ишлар бўлимларига олиб борган. Суҳбат ўтказилгач, “уларнинг аксарияти уйларига қўйиб юборилган”. Уларнинг айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш»)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённомалар тузилиб, материаллар судга тақдим этилган.
Маъмурий жавобгарлик кодекснинг мазкур моддасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа назарда тутилади.