Исроил БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингсга берилган вақтинча яшаш визасини бекор қилди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билдирди.
Унга кўра, Хейстингс АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС томонидан исроилликларни ўлдирганини қоралашдан бош тортгани ва Ғазодаги вазиятни “нотўғри” ёритгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинган. Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, БМТ вакили ҳалок бўлган фаластинликларнинг барчасини тинч аҳоли деб ҳисоблайди.
“Биз БМТнинг бундай нохолислигига энди жим қараб турмаймиз! <...> ҲАМАСни 1200 исроилликни аёвсиз ўлдиргани, болалар ва қарияларни гаровга олгани, аёвсиз таҳқирлагани ва зўрлагани, Ғазо аҳолисидан тирик қалқон сифатида фойдалангани учун танқид қилмаган, бунинг ўрнига ўз фуқароларини ҳимоя қилаётган Исроилни, демократик давлатни айблаётган шахс БМТда хизмат қила олмайди ва Исроилга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади”, деб ёзди вазир.
Аввалроқ БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик Исроил 1 декабрда Хастингсга берилган визани бекор қилгани ҳақида билдирган эди. Унинг ўрнига бошқа вакил тайинланиши ёки тайинланмаслиги тўғрисида маълумот йўқ.