Ғазо шаҳрида 29 февраль куни гуманитар ёрдам олиш учун навбатда турган ўнлаб киши Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида Associated Press агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, Аш Шифа касалхонаси ходимларидан олинган маълумотга қараганда, камида 50 киши ҳалок бўлди ва 250 киши яраланди.
Камол Адвон касалхонасига ҳалок бўлган 10 киши ва яраланган 160 киши олиб келинган. Ал Ауда касалхонасига етказилганлардан уч киши ўлган, 90 киши жароҳатланган.
Исроил бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.
АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрида Исроил ҳудудига ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдиргани ва 250 кишини гаровга олгани ортидан Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган эди.
Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлгада шу кунгача 30 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирган.
Қатор давлатлар Исроил Ғазода тинч аҳоли ўлимига йўл қўйганини кескин қораламоқда ва бу ҳолатни геноцид сифатида талқин қилмоқда. Исроил эса бу айбловларни рад этиб, ҲАМАС тинч аҳолини тирик қалқон сифатида қўллаётганини айтмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден 26 февралда келаси ҳафтанинг бошларида Исроил ва ҲАМАС оташкесим келишувига эришиши мумкин эканини билдирган эди.