Исроил ҳукумати Ғазода оташкесим муддати узайтирилганини маълум қилди. Бундай қарор АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 30 ноябрда гаровдан озод этиладиган шахслар рўйхатини тақдим этгани ортидан қабул қилинди. СNN телеканалининг хабар беришича, рўйхатда ўн нафар тирик исроилликнинг номи қайд этилган.
30 ноябрь куни ҲАМАС гаровдаги етти аёл ва уч болани ҳамда уч нафар жасадни Исроилга топширишга тайёрлигини билдирган эди. ҲАМАС Исроилга 7 октябрда уюштирилган ҳужумда гаровга олинган қолган шахсларни топа олмаётганини маълум қилган. Ўшанда ҲАМАСдан ташқари бошқа радикал гуруҳлар ҳам исроилликларни ва чет элликларни гаровга олган эди.
Исроил ҲАМАСнинг бу таклифини рад этган ва радикал гуруҳ кунига камида гаровдагилардан 10 нафарини тирик қайтарган тақдирда оташкесим муддатини узайтиришини билдирган. Исроил ҳукумати камида яна 15 аёл ва бола ҲАМАС гаровида сақланмоқда, деб ҳисоблайди.
Ғазо бўлгасида оташкесим муддати яна бир кунга узайтирилганини ҲАМАС билан музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади.
Оташкесим муддати узайтирилгани тўғрисида аввалги келишув якунланишига бир неча дақиқа қолганида эълон қилинди.
Ғазода оташкесим 24 ноябрда эълон қилинган эди. Шу кунгача ҲАМАС гаровдан 70 нафар исроилликни ва камида 20 нафар чет элликни озод қилди.
Исроил бунга жавобан қамоқларда сақланаётган 200 нафар фаластинлик аёл ва ўсмирни бўшатди. Улар асосан террорчилик ёки террорчилар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб қамалганлардир.
Ҳозирда ҲАМАС ва бошқа радикал гуруҳлар Ғазода яна 150 нафар исроилликни ва чет эл фуқаросини гаровда сақлаб турибди. Улар орасида болалар ҳам бор.