Исроил ҳарбийлари ҲАМАС радикал гуруҳининг Ғазодаги тоннелларини сувга тўлдириш режасини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Wall Street Journal АҚШ расмийларига таянган ҳолда. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Нашрнинг ёзишича, ноябрнинг ўрталарида Исроил армияси (ЦАХАЛ) Аш Шати қочқинлар лагеридан бир ярим километр шимолроқда камида бешта сув насосини ўрнатган. Бу насослар орқали соатига минг куб метр миқдорида сув тортиладиган бўлса, ер ости йўллари бир неча ҳафта ичида сув остида қолиши мумкин.
ЦАХАЛнинг билдиришича, тоннеллар Ғазодаги мактаблар, спорт марказлари, масжидлар ва касалхоналар остидан ўтган. Ер ости йўллари тизими ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
2001 йилда ҲАМАСнинг Ғазодаги лидерларидан бири Яҳё Синвар тоннеллар тизими 500 километрни ташкил қилиши ҳақида ошкора билдирган эди. Бу маълумотни текшириб кўриш имконияти мавжуд эмас. Исроил армияси бу тоннелларни “Ғазонинг метроси” деб атайди.
ҲАМАС кўп йиллардан бери ер ости йўлларидан ҳарбий мақсадларда, жумладан, Исроил ҳудудига ҳужумларни уюштиришда фойдаланиб келади. ЦАХАЛ Ғазодаги Аш Шифа касалхонаси остида ҳам ҲАМАС ер ости йўллари топилганини билдирган. Бироқ ҲАМАС фуқаролик объектлари остида тоннеллари мавжуд эканини инкор қилиб келади. Исроил ҲАМАС гаровга олинганларни тоннеллардан бирида сақлаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган.