Исроил ҳукумати Al Jazeera (Қатар) телеканалининг мамлакатдаги бюросини ёпиб, фаолиятини тўхтатиш учун овоз берган. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
“Мен бошқараётган ҳукумат бир овоздан қарор қабул қилди: Исроилда Al Jazeera провокацион канали ёпилади”, деб ёзган Нетаняҳу.
Телеканал сайти Исроилда блокировка қилинган, таҳририят офисида эса тинтув ўтказилиб, журналистларнинг техникаси мусодара этилган.
Al Jazeera сайтида ёйинланган хабарда Исроил инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқини поймол қилувчи “жинояткорона” қарор қабул қилгани айтилган. Телеканал ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун юридик чоралар кўрилишини билдирган. Исроил қарори БМТнинг инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги томонидан қораланган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳам Исроил ҳукумати қарорини қоралаб чиққан. Қўмита қайдича, бу Исроилдаги бошқа халқаро медиа фаолиятида акс этиши мумкин бўлган хатарли прецедент бўлиб ҳисобланади.
Al Jazeera телеканали тез-тез Исроил ҳукуматини танқид қилиб, Фаластиннинг Ғазо сектори ва бошқа ҳудудларидаги воқеалар ҳақида репортажлар ёйинлаб келади. Бу репортажларда Исроил фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлимида айбланади.
Шу йилнинг 1 апрелида Исроил парламенти, агар ОАВ мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид солса, уни ёпишга имкон берувчи қонунни тасдиқлаган эди. Ўшанда CPJ бу қонун ўз-ўзини цензура қилиш ва матбуотга душманона муносабатда бўлишга туртки беришини қайд этганди.