Исроил ҳукумати Ливандаги оташкесимга оид келишувни маъқуллади

Исроил авиациясининг Байрутга ҳужум оқибатлари, 2024 йил 26 ноябри

Исроил Вазирлар маҳкамаси Ливандаги оташкесимга оид келишувни маъқуллади: келишувни 10 киши ёқлаган, бир киши эса бунга қарши овоз берган. Reuters агентлигининг ёзишича, АҚШ Ливанни мазкур келишув 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 дан бошлаб кучга кириши ҳақида хабардор қилган.

Исроил АҚШнинг бу жараёнга қўшган ҳиссасини қадрлайди ва ўз хавфсизлигига нисбатан ҳар қандай таҳдидга қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дея билдирган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

АҚШ президенти Жо Байден ўз чиқишида Исроил ва Ливан бош вазирлари билан телефон орқали музокара олиб борганини, уларнинг ҳар бири ўз ҳукуматлари битимни қабул қилганини айтганини маълум қилди.

Эндиликда ҲАМАС ҳам танлов қилиши керак. Улар учун ягона йўл – ўзлари тутиб турган америкалик фуқаролар дохил гаровдаги шахсларни озод қилиш. Бу жараён мобайнида жанговар ҳаракатларга якун ясалиши зарур, бу эса гуманитар ёрдам кўпайтирилиши учун имкон яратади. Яқин кунлар ичида Қўшма Штатлар Туркия, Миср, Қатар, Исроил ва бошқа мамлакатлар билан биргаликда Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилишига эришиш учун яна бир уринишни амалга оширади”, деган Байден.

“Ҳизбуллоҳ” билан оташкесим келишувига қарши овоз берган ягона вазир Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бўлган. Аввалроқ у мазкур келишувни “тарихий хато” деб атаб, унга қарши чиқишини билдирган эди.

Бу сулҳ эмас. Бу “сукунат эвазига сукунат” концепциясига қайтишдир ва биз бунинг нималарга олиб келишини аввал ҳам кўрганмиз”, деб ёзган Бен-Гвир Х ижтимоий тармоғида.

Бинямин Нетаняҳу ўзининг сешанба кунги чиқишида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг қайта қуролланиш бўйича ҳар қандай уриниши келишув шартларининг бузилиши бўлиб ҳисобланиши, шундай бўлган тақдирда Исроил бунга “кескин жавоб бериши”ни билдирган. Нетаняҳу, агар “Ҳизбуллоҳ” келишувни бузса, Исроил зарба беришини қўшимча қилган.

Яхши битим дегани риоя этиладиган битимдир ва биз унга риоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Нетаняҳу сўзларидан The Times of Israel нашри.

Исроил бош вазири “Ҳизбуллоҳ” бир йил аввалги гуруҳ эмаслигини, исроиллик ҳарбийлар уни “ўн йиллар орқага” суриб ташлашганини билдирган. Нетаняҳуга кўра, армия нафас ростлашга муҳтож ва у ўз диққат-эътиборини Эрон томонидан келаётган таҳдидга қарши курашга қаратиши лозим.

Сулҳ режасида Исроил қўшинларининг 60 кун ичида Ливандан олиб чиқиб кетилиши кўзда тутилган. Исроил чегараолди ҳудудлари устидан назоратни Ливандаги ҳукумат армиясига топшириши, “Ҳизбуллоҳ” эса ўзининг оғир қуролларини Литаний дарёси шимолига олиб кетиши лозим бўлади. АҚШ тинчлик режаси бажарилишини назорат қилиши ҳамда “Ҳизбуллоҳ” сулҳ шартларини бузган тақдирда, Исроилга дастак кафолати бериши керак бўлади.

Эрон томонидан дастакланган ва қароргоҳи Ливанда бўлган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумидан кейин Исроилга ҳужумларни кучайтирган. Бунга жавобан Исроил сентябрь ойида Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. 1 октябрь куни Исроил армияси Ливанда қуруқликдаги амалиётга киришган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.