Исроил ҳукумати бир овоздан Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўз ҳарбий амалиётини давом эттириш ҳақида қарор қабул қилган. Исроил томони шу тариқа АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига гаровдаги шахсларни озод қилиш мақсадида босим ўтказиш ниятида эканини билдирган.
Исроил расмийлари баёнотида ҲАМАСнинг сулҳ тўғрисидаги сўнгги таклифи Исроилнинг асосий талабларида узоқ экани айтилган.
“Шунга қарамай, Исроил томони ўзи учун мақбул шартнома муҳокамасини давом эттириш мақсадида воситачилар билан музокара ўтказиш учун ўз вакилларини Қоҳирага йўллайди”, дейилган баёнотда.
Исроил армияси (ЦАХАЛ) Рафаҳнинг шарқий қисмида жойлашган жиҳодчилар объектларига зарбалар берилаётгани ҳақида маълумот тарқатган, бироқ бунга оид бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.
Оммавий ахборот воситалари ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда Исроил пиёда қўшинлари шарқий Рафаҳга кириб боргани ҳақида ёзмоқда. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Исроил армияси ҳам бу хабарлар юзасидан изоҳ бермаган.
Исроил Миср чегарасига яқин ерда жойлашган Рафаҳ шаҳрини ҲАМАС гуруҳининг сўнгги таянч нуқтаси, деб ҳисоблайди. 6 май тонгида исроиллик ҳарбийлар Рафаҳга маҳаллий аҳоли эвакуацияга чақирилган варақаларни ташлаган. Оқшомга бориб эса ҲАМАС раҳбарияти оташкесимга рози экани ҳақида баёнот берган.
Reuters хабарига кўра, гуруҳ ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш, минтақа қамалини тўхтатиш, гаровдаги шахсларнинг бир қисмини Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик маҳкумларга алмаштиришга рози бўлган.
ЦАХАЛ вакили Даниэль Хагари Исроил томони ҲАМАС жавобини кўриб чиқаётганини билдирган. Бу орада ОАВ манбалари фаластинликлар томонидан маъқулланган шартлар Исроилни қониқтирмаётганини қайд этишган.