Исроил 31 октябрда Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини тасдиқлади. Исроил армияси расмийларининг билдиришича, қочқинлар лагерига зарба беришдан мақсад ҲАМАСнинг юқори лавозимли қўмондонларидан бирини жисмонан йўқ қилиш бўлган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужуми оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлганини ва 150 киши яраланганини билдирди. Хабарларда, лагерни Исроил ҳарбий самолётлари бомбардимон қилгани айтилади.
Воқеа жойига борган AFP мухбири Жабалиядаги вайроналар остида камида 47 кишининг жасади чиқариб олингани ҳақида хабар берди.
Исроил армияси вакили Даниэль Хагари Жабалия лагерига бомба ташланганини тасдиқлар экан, ҲАМАСнинг «Жабалия» қўшини қўмондони Иброҳим Биарий ўлдирилганини ҳамда ташкилотнинг ер ости инфраструктураси вайрон қилинганини билдирди.
Жабалия лагери Ғазонинг шимолий қисмида жойлашган. Лагерь майдони бир ярим квадрат километрни ташкил қилади. БМТнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг июлида лагерда 116 минг фаластинлик қочқин бор эди.