Миср Ғазодан қочаётганларга йўлак беришдан бош тортди

Миср Ғазодан қочаётганларга йўлак беришдан бош тортди, бироқ ўз чегаралари орқали бўлгага гуманитар ёрдамни етказиб бериш масаласини муҳокама қилди. Reuters бу ҳақда Миср хавфсизлик хизматларидаги манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Манбанинг айтишича, Миср “фаластинликларнинг ўз ватанини ҳимоя қилиш ҳуқуқи”ни ҳимоя қилиш мақсадида Ғазодан қочаётганларга йўлак беришдан бош тортган. Ғазо бўлгасида икки миллиондан кўпроқ киши истиқомат қилади. БМТнинг билдиришича, 12 октябрь ҳолатига кўра, улардан 339 мингги уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Аввалроқ АҚШ йўлак масаласида Миср ва Исроил билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган эди. Европа Иттифоқи ва халқаро инсонпарварлик ташкилотлари Мисрни йўлак очишга чақирган.

11 октябрда БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш “Ғазога ҳаёт учун муҳим бўлган юклар, жумладан, ёнилғи, озиқ-овқат ва сув етказиб бериш” лозимлиги ҳақида гапирган эди.

CNN телеканалининг билдиришича, минтақага АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен етиб борган. У Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан музокаралар ўтказади.