Исроил ўз назоратидаги ҳудудларда UNRWA фаолиятини тақиқлади

Исроил парламенти бўлган Кнессет 28 октябрь куни кўпчилик овоз билан Исроилда ҳамда унинг назорати остида бўлган ҳудудларда БМТнинг фаластинлик қочкинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолияти тақиқлаш таклифини маъқуллади. Аввалроқ Исроил UNRWAни бир неча бор Фаластиндаги ҲАМАС (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) дохил радикал гуруҳлар билан ҳамкорликда айблаган. Исроил БМТга агентлик ҲАМАС билан ҳамкорлик қилаётганига оид далиллар тақдим этган.

Кнессет икки қонун лойиҳасини тасдиқлади. Биринчисида Исроилда UNRWAнинг бевосита ёки билвосита фаолият олиб боришига йўл қўйилмаслиги айтилган. Иккинчисида эса Исроил билан UNRWA ўртасида 1967 йилда тузилган шартнома тўхтатилиши ва эндиликда Исроилдаги давлат инстанциялари UNRWA ва унинг вакиллари билан мулоқот қилмаслиги қайд этилган.

Кнессетнинг мудофаа ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Йоэль Эдельштейн "UNRWA фаолияти фаластинлик муаммоларини ҳал қилишга эмас, балки бу муаммо абадий муаммога айланишига қаратилган", дея баёнот берди, деб хабар қилди The Jerusalem Post.

Эдельштейн фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатилиши учун Исроил томонидан қайси ташкилот UNRWAга ворис ўлароқ кўрилаётганига аниқлик киритган эмас.

UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини Кнессет қарорини “мисли кўрилмаган” ва “хавфли прецедент яратувчи” эканини билдириб, унинг БМТ Хартиясига зид келиши ва Исроилнинг халқаро қонунчилик олдидаги мажбуриятларига тўғри келмаслигини урғулаган. У мазкур қарор фақатгина фаластинликлар азоб-уқубатини янада орттиришини айтган.

Исроил UNRWA ходимларини Ғазо секторидаги радикал гуруҳлар фаолиятига алоқадорликда, UNRWA эса Исроилни фаластинликларга жабр-зулм қилиб, Ғазо секторидаги гуманитар буҳронни янада чуқурлаштираётганликда айблаб келади.

БМТнинг фаластинлик қочкинларга ёрдам бўйича Яқин Шарқ агентлиги 1949 йилда ташкил этилган. У Исроил ҳудудидан Сурия, Ливан, Ғазо сектори ва Урдун дарёсининг ғарбий соҳилига қочган фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келади. UNRWA фаластинлик қочқинлар учун таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматни ташкил этиш учун масъул ташкилот бўлиб ҳисобланади. UNRWAнинг энг йирик молиявий донорларидан бири АҚШдир.