Исроил қўшинлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри марказига кириб боришган, дея хабар қилишди NBC ва Reuters журналистлари гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда.
Исроил армияси (ЦАХАЛ) Рафаҳ маркази томон юрилаётганига оид маълумотларни изоҳсиз қолдирган ҳолда, шаҳарда амалиёт давом этаётганини маълум қилган. Хабарномада исроиллик ҳарбийлар тунда Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегарада қалқон ҳудуди бўлиб хизмат қилувчи Филадельфия йўлагида ҳаракатланишгани айтилган.
Рафаҳликлар тунда исроилликлар “шаҳарни танклардан ўққа тутиб, ҳаво зарбалари берганлари”ни айтишган. Исроил армияси шаҳарда “террор ҳадафлари борлигини кўрсатувчи разведка маълумотларига асосланган ҳолда тезкор тадбирлар” ўтказилганини билдиришган.
“Қўшинлар террорчилар билан яқин масофада жанг олиб боришмоқда, террорчиларнинг бу мавзедаги ерости йўллари, қурол-аслаҳалари ва бошқа инфратузилма объектларини топишмоқда”, дейлиган ЦАХАЛ хабарномасида.
Аввалроқ Исроилнинг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилган эди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирган.
Исроил ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти Ғазо секторидаги мақсадлари АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиб бўлиб ҳисобланишини урғуламоқда.
Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.
Politico нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси амалиёт бошидан буён ҲАМАС ўз шахсий таркибининг 30-35 фоизини йўқотди, деб ҳисоблайди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлганини билдирган.